
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ёзги трансферлар вақтида Европанинг бир неча клублар диққат марказида қолмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Франция чемпионатининг кучли жамоаларидан бири — “Ренн” ҳамюртимизга жиддий қизиқиш билдирган.
Франциянинг машҳур нашри “FootMercato” тарқатган хабарга кўра, “Ренн” спорт директори Лоик Дизери шахсан “Рома” клуби раҳбарияти билан боғланиб, Шомуродовнинг трансфер шароити ҳақида сўров юборган. Бироқ, музокаралар ҳозирча сезиларли натижа бермагани айтилмоқда.
Бу ҳолат Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби учун кутилмаган имконият яратиб берди. Туркияликлар вазиятдан унумли фойдаланиш ниятида “Рома” клуби билан тўғридан-тўғри алоқага чиқишди ва Элдор Шомуродов учун 7 миллион евро миқдорида таклиф йўллашди.
Туркия матбуотидаги маълумотларга кўра, ушбу келишув амалга ошиши эҳтимоли анча юқори. “Башакшеҳир” Элдорни жамоа ҳужумидаги асосий фигура сифатида кўрмоқда ва унинг кучли жисмоний ҳолати, тажрибаси ҳамда А Сериядаги самарали ўйинлари юқори баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов Италия чемпионатида “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” таркибларида тўп сурган. Унинг А Сериядаги умумий статистикаси 119 та ўйинда 19 та гол ва 13 та ассистдан иборат. Шунингдек, у 2024/25 йилги мавсумда “Рома” сафида 37 учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол ва 5 та голли узатма амалга оширган эди.
Франция ва Туркия чемпионатлари ўртасидаги бу трансфер пойгаси яқин кунларда ўз якунига етиши кутилмоқда. Элдорнинг қайси жамоада фаолиятини давом эттириши — кўп ўтмай аниқ бўлади. Аммо аниқ бир нарса бор: ҳамюртимиз Европа футболи бозорида ўз ўрнига эга ва унга бўлган талаб кун сайин ортаяпти. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар