
Суперлиганинг 13-туридаги қизғин ва драматик баҳслардан бири — “Нефтчи” ҳамда “Бухоро” жамоалари ўртасида ўтди. Фарғоналик футбол ишқибозлари учун бу ўйин яна бир ёрқин хотира бўлиб қолди. Беллашувдан сўнг “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченко ўз таассуротлари билан ўртоқлашди ва бир қатор қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.
— Ушбу ўйин биз учун анча қийин кечди. “Бухоро” жамоаси сўнгги баҳсларда тўплаган тажрибаси билан, ҳимояда жуда яхши ташкил топган тарзда ҳаракат қилди. Улар айни пайтда турнир жадвалида ўз ўрнига мос келмайдиган жойда турган бўлса-да, мураббийлар штаби томонидан тўғри йўналтирилган. Қарши ҳужумларда омад қидиришди ва ғалаба учун ҳаракат қилишди. Биз учун уларнинг ҳимоя деворини бузиб ўтиш осон бўлмади. Бироқ ўйиннинг сўнгги қисмларида гол уришга муваффақ бўлиб, муҳим 3 очкони қўлга киритганимиздан мамнунман, — деди Левченко.
— Баъзи мухлислар ғалаба нишонланмаганидан ранжишмоқда. Футболчилар мухлислар билан қувончни баҳам кўришмаяпти. Бунинг сабаби нима?
— Бу саволга аниқ жавоб бериш менинг вазифам эмас. Ҳар бир ишқибознинг шахсий қараши ва ёндашуви бор. Менимча, ҳақиқий мухлис жамоа ғалаба қозонса ҳам, мағлуб бўлса ҳам ўз футболчилари ва мураббийларини қўллаб-қувватлаши, эҳтиром кўрсатиши керак. Бу менинг шахсий позициям. Жамоа ҳар доим ишқибозлар ёрдамига муҳтож. Шунинг учун мухлислардан сабр қилишларини ва бизга ишонч билдиришларини сўраб қоламан. Биз олдинда янада чиройли ғалабалар келишига умид қиламиз. Мухлислик — бу яхши ва ёмон кунларда ҳам жамоа билан бирга бўлиш демакдир.
— Охирги ўйинларда голлар сони камайгани ҳақида фикрлар бор. Буга асосий сабаб нимада деб ўйлайсиз?
— Йўқори ҳарорат, албатта, футболчиларга таъсир қилади. Аммо бу фақатгина иқлим билан боғлиқ эмас. Масалан, ўтган ўйинда икки марта дарвозабон билан яккама-якка вазият юзага келганди. Агар ушбу имкониятлардан фойдаланганимизда, натижа анча бошқача бўларди. Бугун эса рақиб жамоа бутун эътиборини ҳимояга қаратиб, имконият бермасликка ҳаракат қилди. Замонавий футболда рақиблар бир-бирини пухта ўрганади, таҳлил қилади. Шу боис вазиятлар кўп яратилмаслиги — бу ҳам табиий жараён. Мураббийлар штаби ҳам ҳар бир рақибга нисбатан индивидуал тактикалар ишлаб чиқмоқда ва ҳужумда ҳамда ҳимояда балансни сақлашга интилмоқда. Муҳими — ғалабани қўлга киритдик ва турнирда олдинга илдамламоқдамиз.
“Нефтчи” жамоаси мураббийи ўз сўзларида мухлислардан вафо ва ишонч сўраб, ҳар бир ўйинда қўллаб-қувватлашлари муҳим эканини таъкидлади. Жамоа олдиндаги баҳсларда янада фаол ва самарали ҳаракат қилиши учун барча омиллар уйғунлашиши керак. Левченко ва шогирдлари олдиндаги ўйинларда мухлисларга кўпроқ ғалаба туҳфа этиш ниятида. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар