date

Хаби Алонсо "Реал"нинг қийин шароитдаги иродали ғалабасини қандай баҳолади?

Хаби Алонсо "Реал"нинг қийин шароитдаги иродали ғалабасини қандай баҳолади?
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида “Реал Мадрид” жамоаси ўз тарихидаги муҳим босқичлардан бирини ўтди. Жамоанинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо чемпионатдаги 2-учрашувда Мексиканинг “Пачука” клуби устидан қимматли ғалабани қўлга киритди. 3:1 ҳисобида якунланган баҳсни мадридликлар деярли бутун ўйинни бир футболчи камликда ўтказишга мажбур бўлишса-да, ирода ва ақл билан якунлашга муваффақ бўлди.

Учрашувда мадридликлар учун енгил шароит бўлмади. Дастлабки дақиқаларданоқ “Реал” фаол ҳаракат қилиб, рақиб дарвозасини эгаллашга интила бошлади. Бироқ, жамоа аъзоларидан бири қизил карточка олиб, майдонни тарк этганидан сўнг, тактик вазият бутунлай ўзгарди. Бу воқеа мураббий Хаби Алонсони тезкор қарор қабул қилишга, жамоа ҳаракатларини қайта йўналтиришга мажбур қилди.

— “Жуда муҳим ғалаба. Бу натижани қадрлаймиз, чунки у қийин шароитда қўлга киритилди. Деярли бутун ўйинни бир киши кам ўтказдик — бу осон эмас. Аммо жамоа жуда ақл билан ўйнади, бундан мамнунман”, — дея ўз ҳис-туйғуларини баён этди Хаби Алонсо.

Мураббий фикрича, қизил карточка футболчилар учун яхши сабоқ бўлиши лозим. “Бундай вазиятлар дарс бўлиши керак. Яхшиси — биринчи бўлиб гол ўтказган маъқул, лекин бутун ўйинни ўн киши билан ўтказмаслик керак”, — деди мутахассис.

Шунингдек, жамоа аъзолари билан суҳбат ўтказилишини ҳам қайд этди. Хусусан, Рауль Асенсио билан алоҳида гаплашишини билдирди.

Шу билан бирга, “Реал Мадрид” футболчилари ҳатто камчиликда ҳам ақл ва интизом билан ҳаракат қилишди, жамоа ўйинидаги бирдамлик ва қатъият натижани таъминлади. Бу ғалаба мадридликлар учун плей-офф босқичига ишонч билан кириш имконини оширди.

Албатта, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бундай иродали ва ақлли ғалабалар жамоанинг янги мавсумга қай даражада тайёр эканини намоён этади. Хаби Алонсо раҳбарлигидаги “Реал Мадрид” футболчилари янада юксак марраларни кўзламоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсо "Реал"нинг қийин шароитдаги иродали ғалабасини қандай баҳолади?