date

FIFA расмий эътирофи: Абдуқодир Ҳусанов тарихга кирган футболчига айланди

FIFA расмий эътирофи: Абдуқодир Ҳусанов тарихга кирган футболчига айланди
Футбол оламида навбатдаги муҳим воқеа: FIFAнинг расмий Instagram саҳифасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов алоҳида эътироф этилди. Дунёнинг энг нуфузли футбол ташкилоти Ҳусановни Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги дебюти билан табриклаб, ўзбекистонлик футболчи тарих ёзишда давом этаётганини таъкидлади.

ФИФАнинг расмий хабарномасида Абдуқодир Ҳусанов ушбу мусобақада иштирок этган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида алоҳида қайд этилди. "Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўйнаган илк ўзбекистонлик футболчи. Абдуқодир Ҳусанов тарих ёзишда давом этмоқда", — дейилади FIFA постида.

Абдуқодир Ҳусанов учун ушбу мусобақадаги дебют катта аҳамият касб этади. У нафақат "Манчестер Сити" каби дунё гранд клубининг таркибида майдонга тушган илк ўзбекистонлик футболчи, балки бутун мамлакатимиз учун ғурурли образга айланди. Унинг ушбу юқори даражадаги учрашувдаги ҳаракатлари ва маҳоратли ўйини футбол мухлислари, спорт мутахассислари ва халқаро аудитория томонидан катта баҳога сазовор бўлди.

Ҳусанов "Манчестер Сити"нинг Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги 2-тур учрашувида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Айн" жамоасига қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушди ва 61-дақиқада захирага алмаштирилди. Бу ўйинда "шаҳарликлар" йирик 6:0 ҳисобида ғалаба қозониб, плей-офф босқичига йўл олишди. Ҳусановнинг чиқиши нафақат статистика нуқтаи назаридан, балки психологик жиҳатдан ҳам ўзбекистонлик футболчилар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди.

Ушбу муваффақиятли қадам — Абдуқодир Ҳусановнинг халқаро аренани забт этишдаги навбатдаги муҳим босқичи. Мусобақадаги ҳар бир ўйини орқали у ўз номини футбол тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб бормоқда.

Энди эса, "Манчестер Сити" ўзининг навбатдаги баҳсини 27 июнь куни "Ювентус"га қарши ўтказади. Учрашув Ўзбекистон вақти билан тун ярмида, 00:00 да старт олади. Миллий ва жаҳон футболи мухлислари мазкур ўйинда ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган легионеримиздан катта умид қилишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » FIFA расмий эътирофи: Абдуқодир Ҳусанов тарихга кирган футболчига айланди
-->