
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва ҳужумдаги асосий кучи Элдор Шомуродов ёзги трансфер бозорининг энг кўп муҳокама қилинаётган футболчиларидан бирига айланди. Европа футболида тўрт йилга яқин фаолият олиб бораётган легионеримизнинг келажаги бугунги кунда Италиядан ташқари Туркия ва Францияда ҳам қизғин муҳокама марказига айланган.
Маълумки, “Рома” клуби молиявий фэйр-плей талабларини бажариши учун 30 июнга қадар камида 10 миллион евро даромад топиши шарт. Шу сабабли римликлар баъзи футболчиларни трансферга қўйган. Мана шу рўйхатда ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг номи биринчи ўринларда турибди. Чунки сўнгги ҳафталарда унга бир вақтнинг ўзида бир неча чемпионатдан расмий таклифлар келиб тушган.
Аввалроқ, АҚШ клублари Шомуродов билан қизиққани ҳақида хабарлар тарқалган эди, аммо бу таклифлар ҳозирга келиб пасайган. Эндиликда эса Туркиянинг “Башакшеҳир” жамоаси 29 ёшли ҳужумчи учун “Рома”га 7 миллион евро таклиф этгани маълум бўлди. Музокаралар жараёнида Франциянинг “Ренн” клуби ҳам ишга аралашди ва таклифни яна бир миллион еврога оширди.
Нуфузли италиялик манбалар, хусусан Gazzetta dello Sport ва siamolaroma.it хабарларига кўра, айнан Элдор “Рома”га 10 миллион евролик тўлов олиб келиши мумкин бўлган асосий номзод ҳисобланмоқда. Айни пайтда, клубнинг янги спорт директори Федерико Массара “Ренн” билан алоқаларни фаол давом эттирмоқда. Французлар яқинда Энцо Ле Фени трансфер қилганидан сўнг, Шомуродов учун ҳам жиддий музокаралар бошлади.
Римликлар Элдорни 10 миллион еврога баҳоламоқда. Аммо агар вазият талаб қилса, бу суммани бироз пасайтиришлари мумкин. Бир сўз билан айтганда, ўзбек форвардининг трансфери “Рома” учун мавсум бошидаги энг муҳим савдо калитига айланган. Элдор Шомуродов учун Туркия ва Франция клублари ўртасидаги рақобат клубнинг молиявий муаммосини ечишда ҳал қилувчи омил бўлиб қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилдан буён Италияда фаолият олиб бормоқда. Аввал “Женоа”да, сўнг “Рома”да ўйнади. “Специя” ва “Кальяри”да ижарада тўп тепди. Якунланган мавсумда “Рома” билан шартномасини 2027 йилнинг ўртасигача узайтирган Элдор бугунги кунда Transfermarkt портали баҳоси бўйича 5 миллион еврога тенглашган. Сўнгги йиллар мобайнида Европа миқёсида ўзини кўрсата олган футболчимиз учун бу ёз фаол трансфер музокаралари билан тарихга киради, дейиш мумкин.
Ўзбекистон термасининг етакчиси қандай қарор қабул қилади ва унинг келажаги қайси чемпионатда давом этиши — бу саволларга яқин кунларда жавоб топилади. Яқинлашиб келаётган янги мавсум Элдор учун янги қадам, янги имконият бўлиши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар