
Аргентина терма жамоасининг афсонавий ҳужумчиси, футбол олами юлдузи Лионель Месси ҳозирда АҚШнинг “Интер Майами” клуби сафида тўп сурмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг 31 декабригача амал қилади. Аммо келишув янгиланиш ёки узайтириш масаласида ҳозирча якуний қарор қабул қилингани йўқ. Бу эса, ўз навбатида, бир қатор элит жамоаларга Мессини қўлга киритиш умидини бераётгани, трансфер бозорида янги қизиқиш уйғотгани сир эмас.
Айниқса, АҚШда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётган бир пайтда, Саудия Арабистонининг нуфузли “Ал-Ҳилол” клуби раҳбарияти бу имкониятдан унумли фойдаланишни мақсад қилган. Мазкур клуб президенти Фаҳд бин Навфал шу кунларда Мессининг отаси Хорхе Месси ва футболчининг агентлари билан алоҳида учрашув ўтказди. Музокаралар давомида Лионель Мессининг “Ал-Ҳилол”га ўтиши, шартлар ва таклиф этиладиган шартнома бандлари муҳокама қилинди.
Маълумотларга қараганда, Саудия клуби Мессини бу ёзда ўз сафларига қўшиб олишга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, музокаралар ижобий руҳда, икки томон учун ҳам қизиқарли таклифлар асосида олиб борилаётгани қайд этилмоқда. Саудиядаги шайхлар Мессининг трансфери орқали нафақат клубнинг футбол салоҳиятини, балки мамлакат футболининг нуфузини ҳам жаҳон миқёсида янада кўтаришни мақсад қилган.
Айни пайтда, “Интер Майами” ҳам ўз юлдузи билан ҳамкорликни сақлаб қолиш истагида. Аммо Мессининг келажаги ҳали тўлиқ аниқлик касб этмагани учун, мухлислар ва футбол жамоатчилиги ушбу трансфер ривожини қизиқиш билан кузатмоқда.
Zamin.uz таҳририятидан:
Лионель Мессининг навбатдаги манзили қайси клуб бўлиши, унинг янги чақириқларга тайёрлиги ва Америка ҳамда Саудия футболи ўртасидаги трансфер рақслари бутун футбол дунёси эътиборида. Яна бир неча ҳафта ичида Месси атрофидаги вазият аниқлашиб, мухлислар янги сенсацияга гувоҳ бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар