
“Қўқон-1912” устози жамоанинг кетма-кет мағлубиятлари, мураббийлар масъулияти ва йўл қидириш ҳақида очиқ гапирди
Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган “Динамо”га қарши ўйинда яна бир бор омад “Қўқон-1912”дан юз ўгирди. Навбатдаги 2:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг жамоа бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўта самимий ва танқидий руҳдаги баёнот билан матбуот анжуманида қатнашди.
— “Ўйинни яхши бошладик ва бу гол билан якунланди. Бироқ шундан кейин футболчиларда беэътиборлик кузатилди. Улар ҳаракатда пасайишга йўл қўйишди, ўзимиздаги устунликни бой бердик. Агарда дастлабки кайфиятда ўйинни давом эттирганимизда, шубҳасиз, бундай натижа бўлмасди”, — деди мураббий.
“Рақиб 10 киши қолганида масъулиятни бўйнимизга олишимиз керак эди”
Ҳайдаров иккинчи бўлимда рақибнинг бир киши кам қолганидан сўнг, жамоа курашчанликни йўқотганини, тўп билан ҳужум ташкил этишда пассивликка йўл қўйганини алоҳида таъкидлади.
— “Бундай вазиятда қанотлардан тезкор ва аниқ узатмалар, индивидуал маҳорат талаб этилади. Аммо футболчиларимизда масъулият ҳисси ва фаоллик етишмади. Ҳужум уюштиришдан кўра, тўпни ушлаб туришни маъқул кўришди. Шундан кейин эса қарши ҳужумда иккинчи голни ўтказиб юборддик”, — дея тан олди у.
Мағлубиятлар учун ким жавобгар? Мураббий ўзини ҳам четда қолдирмади
Журналистларнинг “олтинчи мағлубият” ҳақидаги саволига Ҳайдаров очиқ жавоб қайтарди ва мураббийлар штаби ҳам масъулиятдан қочмаслигини таъкидлади.
— “Албатта, бу фақат футболчиларнинг айби эмас. Муҳим қарорларни қабул қилиш менинг зиммамда. Биз раҳбарият билан очиқ мулоқот қилганмиз, улар бизга ишоняпти. Биз ҳам натижа учун курашяпмиз, бироқ барқарорлик етишмаяпти”, — деди устоз.
У жамоанинг бу ҳолатдан чиқиши учун эндиги ўйинда максимал куч билан ҳаракат қилинишини ва трансфер ойнасида селекция ишлари олиб борилишини маълум қилди.
“Футболчилар мураббийсиз ҳам ютиши мумкин” — мотивацияли чақириқ
Ҳайдаров интервью якунида футболчиларнинг ички мотивацияси ва жамоавий уйғунлик ҳақида ўзига хос чақириқ билан чиқди:
— “Биз мураббийлар ҳалол ишлаяпмиз, лекин ҳар бир мағлубиятдан кейин ўзимизга ҳам савол берамиз. Футболчилар ҳис қилишлари керакки, баъзан мураббийсиз ҳам ғалабага эришиш мумкин. Бундай ҳолатлар футболчилик фаолиятимда бўлган. Эҳтимол, жамоа ўзини йўқотган, лекин бир ўйинда бўлса-да, ўзлари ғалаба учун ҳаракат қилишса яхши бўларди.”
Хулоса: босим остидаги жамоа учун ҳал қилувчи палла бошланмоқда
“Қўқон-1912” устозининг сўзларида айб излаш эмас, балки муаммони тан олиш ва ҳал қилиш истаги сезилади. Биринчи давранинг сўнгги ўйини улар учун жиддий синов бўлади. Жамоа ушбу таназзулдан чиқиш учун бирдамлик ва ички ишончни қайта тиклаши шарт. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар