
Яқин кунларда Саудия Арабистонининг энг кўзга кўринган клубларидан бири — "Ал Насср"да катта ўзгариш юз бериши кутилаяпти. Журналистика оламида ишончли манба сифатида тан олинган инсайдер Фабрицио Романо тарқатган маълумотларга кўра, машҳур португалиялик мутахассис Жорже Жезуш жамоа бош мураббийи лавозимини қабул қилишга розилик берган.
Жорже Жезуш Саудия футболи мухлисларига бегона эмас. У аввалроқ мамлакатнинг яна бир гранд жамоаси — "Ал Ҳилол"да икки мавсум фаолият олиб борган. Шу вақт мобайнида у жамоа билан 99 та расмий учрашувда майдонга тушди. Улардан 80 та ўйинда ғалаба қозонилди, 10 марта дуранг қайд этилди ва фақат 9 марта мағлубиятга учралди.
Бу кўрсаткич ҳар қандай мураббий учун муносиб статистика саналади. "Ал Ҳилол" унинг қўл остида Саудия Про Лигасида ва халқаро ареналарда кўплаб муваффақиятларга эришганди.
Шу билан бирга, 2025 йил 2 май куни Жезуш "Ал Ҳилол" билан муносабатларини расман якунлаган эди. Унинг истеъфоси спорт доираларида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим манбаларга кўра, раҳбарият билан қарашлар фарқи туфайли у клубни тарк этган.
Энди эса у Саудиянинг яна бир амбициоз ва Европа юлдузларига бой клуби — "Ал Насср"нинг бош мураббийига айланиши мумкин. Жамоа таркибида Криштиану Роналду, Садио Мане, Отаменди сингари халқаро майдонда танилган юлдузлар борлиги унинг қўлидаги имкониятларни янада кенгайтириши шубҳасиз.
Жезушнинг услуби, юқори интизом ва тактик тайёргарликка бўлган эътибори уни нафақат Португалия, балки Бразилия ва араб мамлакатларида ҳам машҳур қилиб юборган. Унинг "Ал Насср"даги эҳтимолий фаолияти жамоанинг чемпионлик амбицияларини амалга оширишда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланиши мумкин.
Айни пайтда клуб ва мутахассис ўртасидаги расмий шартнома эълон қилинмаган бўлса-да, ички манбалар унинг тайинлови жуда яқинлашганини таъкидламоқда.
Футбол жамоатчилиги эса Жезушнинг "Ал Насср" билан қандай натижаларга эришишини қизиқиш билан кузатмоқда. Унинг қайтиши Саудия футболида яна бир янги босқични бошлаб бериши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар