
Мадриднинг “Реал” клубида яна бир бурилиш палласи бошланди: жамоа рулига келган Хаби Алонсо янги ўйин фалсафасини ҳар бир футболчига сингдириш учун жиддий иш олиб боряпти. Унинг тактик қарашларида ҳужумчилар ҳам энди нафақат гол уриш, балки жамоавий ҳимоя ва прессингда фаол қатнашишлари шарт эканига катта эътибор қаратилмоқда.
Алонсо: “Биз ҳаммамиз бирга ҳимояланишимиз шарт. 11 футболчининг ҳаммасини ўйинга тўлиқ жалб қилмасангиз, муваффақият бўлмайди. Рақиб майдонда биз қўйган босимни, ҳар бир зонани ёпишимизни ва интизомни ҳис қилиши керак. Бу тизимда Винисиус, Беллингем, Вальверде ва Мбаппе ҳам бор. Ҳимояни мустаҳкамлаб, рақибга очиқ майдон қолдирмаслик – асосий мақсадимиз,” – деб таъкидлади.
Мураббийнинг таъкидлашича, айниқса, жамоанинг тезкор ва тўпурар ҳужумчилари Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе энди нафақат рақиб дарвозасини таҳдид остига қўйиш, балки майдон бўйлаб ортга қайтиб, ҳимояда фаол иштирок этиши лозим. Ҳар бир ўйиндаги прессинг ва жамоавий интизом жамоанинг тактик ўзгаришларининг асосий қисмига айланмоқда.
“Ҳимоямиз тўлиқ ва пухта бўлиши керак. Рақибга қанча кам имконият қолдирсак, жамоа шунча кучли бўлади. Бу жараёнда Винисиус Жуниор ҳам катта ўзаришларни бошдан кечиряпти ва у янги ролга мослашиш учун куч сарфлаяпти”, – деди мураббий.
Aлонсо яқинда Винисиус Жуниорни айрим ўйинларда рақибга босим ўтказишда фаоллик етишмагани учун танқид қилганини ҳам яширмади. Яъни, янги устоз ҳар бир юлдуздан максимал фойда олишни ва майдонда бирдам ҳаракат қилишни талаб қилмоқда.
Экспертлар фикрича, Хаби Алонсо жамоага келиши билан мадридликлар тактикасининг динамикаси сезиларли ўзгариши мумкин. “Реал”даги бу тактик инқилоб жамоанинг янги мавсумда янада самарали ва муваффақиятли ўйин кўрсатишига олиб келиши кутилмоқда.
Ҳозирги кунда жамоа фақат юқори даражадаги индивидуал маҳоратга эмас, балки умумий уйғунлик, интизом ва коллектив ҳимояга таянаётгани катта натижаларга олиб келиши мумкин. Янги мавсумда Алонсо услуби қандай натижалар беради – буни футбол олами катта қизиқиш билан кузатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар