date

Хавьер Маскерано: ПСЖга қарши ўйинда таслим бўлмаймиз

Хавьер Маскерано: ПСЖга қарши ўйинда таслим бўлмаймиз
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бугун кечаси мухлислар томонидан кутилган қизиқарли тўқнашувлардан бири – ПСЖ ва “Интер Майами” ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Ушбу баҳс олдидан АҚШ клуби бош мураббийи Хавьер Маскерано ўз фикрларини баён қилди.

Унинг сўзларига кўра, "Интер Майами" бу учрашувда фаворит эмас, бироқ жамоа бундан қўрқмаяпти ва ўз имкониятларига ишониб майдонга чиқади:

– Биз аутсайдермиз, бу ҳақиқат. Лекин бу биз таслим бўламиз ёки ўзимизни илгаригидек кўрсатмаймиз, дегани эмас. Жамоам ушбу турнирда ўз ўрнига муносиб равишда эга бўлди. Энди эса биз дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши тўп суриш имкониятига эгамиз. Бу — биз учун катта синов, лекин бизда ҳам курашишга арзийдиган таркиб бор, – деди Маскерано.

Мураббийнинг фикрича, жамоа плей-оффга юзма-юз курашлар, кучли рақибларга қарши ўйинлар орқали етиб келди ва бугун ҳам ниҳоятда масъулиятли баҳс кутиб турибди. Шундай экан, “Интер Майами” мухлислари ўз жамоасидан кутилмаган сюрпризлар кутиши мумкин.

– Бу футбол. Олдиндан ғолиб аниқланмайди. Биз имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир паст-баланд вазиятга тайёр туриб, юқори кайфият билан майдонга чиқамиз, – дея қўшимча қилди Маскерано.

Унга кўра, ПСЖнинг юлдузлар тўла таркибига қарамай, жамоа руҳан тайёр ва рақибга бўлган ҳурмат ғалаба учун бўлган ишончга халақит бермайди.

Эслатиб ўтамиз, “Интер Майами” – ПСЖ баҳси Тошкент вақти билан соат 21:00да старт олади. Ушбу ўйин нафақат мухлислар учун, балки клуб тарихида ҳам катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хавьер Маскерано: ПСЖга қарши ўйинда таслим бўлмаймиз