
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи босқичлари тобора қизғин тус олаётган бир пайтда, ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике “Интер Майами”га қарши кечадиган 1/8 финал баҳси олдидан журналистларга ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, бундай ўйинларда ҳар бир дақиқа, ҳар бир ҳаракат — тақдирни ҳал қилиши мумкин.
– Футболда атиги 10 сонияли лоқайдлик етарли — рақиб жавоб қайтаришга улгуради. Биз “Интер Майами”ни ҳеч қандай ҳолатда камситмаяпмиз. Улар гуруҳ босқичидаги уч ўйинда ҳам ўз салоҳиятини кўрсатди. Айниқса, Месси, Бускетс, Альба — уларнинг майдондаги тажрибалари ва ўзаро тушунуви ҳар бир эпизодда ўзини сездиради, – деди мутахассис.
Луис Энрике рақибга қарши қўлланиладиган тактик босим ва тўп назорати ўйин тақдирини ҳал қилувчи муҳим жиҳатлардан бири эканини урғулади.
– Агарда биз тўпни тезда қайтара олмасак, улар бизни қийин ҳолатга солишади. Бускетснинг паслари, Мессининг позицион ҳаракатлари ва Жорди Альбанинг қанотдаги юришлари ҳар дақиқада хавф келтиради. Уларни фақатгина юқори босимда ва интизомли ўйинда тўхтатиш мумкин, – дея таъкидлади у.
Шунингдек, Энрике “Интер Майами”ни бошқараётган Хавьер Маскерано ҳақида ҳам ижобий фикр билдирди:
– У ёш мураббий бўлишига қарамай, жамоани жуда оқилона бошқармоқда. Агар биз ўз даражамизни ушлаб турмасак, улар бизга муаммо туғдириши мумкин, – деди ПСЖ мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, ПСЖ ва “Интер Майами” ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00да старт олади. Жаҳон юлдузларига тўла бу тўқнашув мухлислар учун катта кутилмаларга бой кечиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар