
Туриннинг машҳур клуби “Ювентус” таркибида бу ёзда жиддий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири – Душан Влахович аллақачон шахсий буюмларини йиғиштириб, янги манзил кутмоқда. Бу ҳақда футбол журналисти Николо Скира хабар берди.
Маълумотларга қараганда, клуб ва футболчи ўртасидаги муносабатларга нуқта қўйилган, яъни томонлар янги мавсумни бирга бошлаш ниятида эмас. Ҳозир эса асосий масала – унга муносиб жамоа топиш.
“Ювентус” раҳбарияти Влаховични ёзда қиммат эмас, 20 миллион евро атрофидаги суммага сотишга тайёр экани айтилмоқда. Бироқ бу ўринда асосий тўсиқ – сербиялик тўпурарнинг маоши. У ҳозирда йилига 12 миллион евро маош олмоқда ва бу миқдор кўплаб клублар учун жиддий молиявий юк бўлиб турибди.
Футболчи Туркия ва Саудия Арабистонидан тушган таклифларни рад этган. У Европанинг юқори даражадаги лигаларида қолишни ва рақобатбардош жамоада ўйнашни афзал билади. Шу сабабли, унинг кейинги манзили “топ-5” лигалардан бири бўлиши эҳтимоли юқори.
Влаховичнинг амалдаги шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган бўлса-да, бу келишувнинг фақат бир йили қолгани – трансферни қулай нархда амалга ошириш учун муҳим омил ҳисобланади. Агар “Ювентус” уни ёзда сотмаса, келаси йили уни эркин агент сифатида қўлдан бой бериш хавфи бор.
Шу билан бирга, футболчига “Арсенал” ва “Челси” каби Премьер-лига жамоалари қизиқиш билдиргани ҳақида ҳам турли манбаларда маълумотлар тарқалган. Аммо уларнинг аниқ қадам ташлагани ҳозирча кузатилмаяпти.
Эҳтимол, ушбу масала август ойининг сўнги ҳафталарига яқинлашиб, катта қарор қабул қилинади. Худди ўтган йили Федерико Кьеза билан бўлганидек, клуб охирги пайтгача интизор бўлади, аммо натижаси нима билан якун топади – ҳозирча номаълум.
“Ювентус” эса, янги режалар асосида ўз сафини янгилашга уринаётган бир пайтда, Влахович каби юлдуз футболчини нақд пулга айлантириш имкониятини қўлдан чиқармоқчи эмас. Мухлислар эса унинг келажагини катта қизиқиш билан кузатмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар