
Миланнинг машҳур “Интер” клуби 2025 йилги мавсумда сўнгги умидини ҳам йўқотди. Бош мураббий Кристиан Киву қўл остидаги жамоа Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Бразилиянинг “Флуминенсе” клубига қарши баҳсда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Бу мағлубият билан “неразуррилар” жорий йилдаги барча титуллар учун курашдан расман четлатилди.
Ортга назар ташлайдиган бўлсак, 23 апрелгача “Интер” бир вақтнинг ўзида тўрт фронтда чемпионлик сари юриб келаётганди. Лекин барчаси босқичма-босқич қулади. Италия кубоги ярим финалида “Милан”га ютқазиш — биринчи зарба бўлди. Кейин А Серияда “Ювентус”га имкониятни бой бериб, иккинчи ўрин билан кифояланди.
Энг аламли мағлубият, шубҳасиз, Чемпионлар лигаси финалида рўй берди. Парижнинг ПСЖ клуби “Интер”ни 5:0 ҳисобида таслим қилди ва кубокни уларнинг қўлидан тортиб олди. Бу баҳсда миланликлар жуда кучсиз кўринди, барча жиҳатдан устунлик рақиб томонда бўлди.
Қишда бўлиб ўтган Италия Суперкубоги финали ҳам “Интер” учун омадли кечмади. Яна ўша “Милан” қарши чиқди ва яна бир бор ғалабани ўз қўлига олди.
2025 йил “Интер” учун шунча имкониятлар бўлган, аммо ҳеч бири охиригача ета олмади. Мухлислар кўз ўнгида эса бир гап аён бўлди: жамоа қайта қурилишга муҳтож.
Кристиан Киву учун ҳам бу мавсум катта синовга айланди. Энди жамоа раҳбарияти унга ишонч билдиришда давом этадими — бу савол остида. Аммо аниқки, бу каби мағлубиятлар сўзсиз таҳлил ва туб ўзгаришларни талаб қилади.
“Интер” янги мавсумда ҳамон кучли рақиб бўлиши мумкин. Бироқ, ғалабаларга етиш учун фақат истак эмас, балки тузук режа, кучли руҳ ва устуворлик керак. Шу сабабли, мухлислар энди клубдан амалдаги ўзгаришларни кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар