
Аббосбек Файзуллаев учун 2025/26 йилги мавсум жуда муҳим саналади. У нафақат терма жамоамизнинг асосий кучларидан бири, балки ЦСКА таркибидаги етакчилардан бирига айланган футболчи сифатида эътиборда.
Файзуллаев келаси йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий юкини елкасига олиши кутилмоқда, деб ёзади sports.ru. Шу сабабли, клуб даражасида мунтазам ўйин амалиёти, жисмоний ҳолат ва барқарор форма унинг шахсий ва миллий муваффақияти учун ҳал қилувчи омил бўлади.
Шу пайтда ЦСКАда кутилмаган ўзгариш содир бўлди: жамоани Кубок соҳиби ва чемпионат бронза медалчисига айлантирган Марко Николич бошқа жамоага ўтиб кетди. Унинг ўрнини эса тажрибали швейцариялик мутахассис Фабио Челестини эгаллади.
Челестини йиғинлар ҳақида фикр билдирар экан, Файзуллаевни жамоа етакчиларидан бири сифатида алоҳида тилга олди. Унинг таъкидлашича, дастлабки кунларда Аббос Обляков, Круговой ва бошқа бир қатор муҳим ўйинчилар билан бирга йиғинда бўлмаган, аммо тайёргарлик индивидуал равишда бошланган.
- Бутун жамоа йиғинда жам бўлишини кутиш керак. Дастлабки кунларда биз бир неча муҳим ўйинчилар – Иван Обляков, Данил Круговой, Сейку Койта ва Аббосбек Файзуллаевсиз ишлашимизга тўғри келди.
Биз жамоага яқинда келганмиз, футболчилар эса эндигина таътилдан чиқди, дастлабки кунлардаги машғулотлар ўзига хос тарзда енгиллаштирилган бўлади ва асосий эътибор функционал тайёргарликка қаратилади, - деди Фабио Челестини.
Янги мураббий мураббийлар штабига катта эътибор қаратаётганини, улар орасида “Ан-Наср”да Роналду билан ишлаган нутрициолог Хосе Блеса, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Хавьер Нойя ва тажрибали Манель Экспосито борлигини таъкидлади. Шунингдек, ЦСКАнинг тажрибали аъзолари Березуцкий, Крамаренко ва Аксенов ҳам мураббийлар штабида қолган.
Аббос ЦСКА сафидаги илк мавсумидаёқ катта таассурот қолдирди. У 71 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол уриб, 22 та ассист муаллифига айланди. Бу натижалар клуб раҳбариятининг унга бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Файзуллаевнинг шартномаси 2026 йил ёзигача амалда бўлса-да, унга Европа ва Туркия клублари – хусусан, “Вулверхэмптон” ҳамда “Башакшеҳир”дан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Бош мураббий ўзгарган, жамоа стратегияси қайта шаклланмоқда. Янги мавсумда Аббос ўз ўйини билан янада ёрқинроқ порлаши, ҳам клуб, ҳам мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиши кутилмоқда. Мухлислар эса янги мавсумда ундан юқори натижалар кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар