date

Гвардиола шокда: Родри яна майдондан узоқлашди

Гвардиола шокда: Родри яна майдондан узоқлашди
АҚШда бўлиб ўтаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати плей-офф босқичи “Манчестер Сити” учун кутилмаганда драматик якун топди. Англиянинг етакчи клуби Саудиянинг “Ал-Ҳилол” клубига қарши жуда кучли ва шиддатли баҳсда майдонни мағлубият билан тарк этди – ҳисоб 3:4. Энг ёмони – манчестерликлар қўшимча таймларда имкониятни бой берди.

Бу мағлубият нафақат мухлислар, балки жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола учун ҳам қўшимча бошоғриқка айланди. Учрашувдан сўнг берган баёнотида асосий хавотир Родрининг аҳволи эканини очиқча билдирди.

"Олтин тўп" соҳиби, жамоанинг юраги ҳисобланган испаниялик ярим ҳимоячи Родри ўтган мавсумнинг катта қисмини жароҳат сабабли ўтказиб юборганди. Жон куйдиргич мухлислар унинг майдонга қайта олишини интизорлик билан кутган, лекин “Ал-Ҳилол”га қарши беллашувда ҳаммасини қайта бошдан кечиришга тўғри келди.

Родри 53-дақиқада ўйинга захирадан қўшилди. Аммо кутилмаганда, қўшимча тайм бошида у яна майдонни тарк этди. Гвардиоланинг айтишича, футболчи яна ноқулайлик ҳис қилган ва бу ҳолат жиддий эътибор талаб қилади.

— Биз Родрининг аҳволини жиддий кўриб чиқишимизга тўғри келади. У яна азобланаётганини айтди. Унга тўлиқ тикланиш учун яна вақт керак бўлади, — деди мураббий матбуот анжуманида.

Агар мазкур жароҳат жиддий бўлиб чиқса, “Манчестер Сити” учун бу ёздаги трансфер стратегиясига ҳам таъсир қилиши мумкин. Родрининг ўрнини босадиган футболчи жуда кам, бу эса жамоа ўйинидаги балансга путур етказиши аниқ.

Айнан Родри каби ўйинчиларнинг йўқлиги жамоанинг мусобақалардаги омадини ҳам ҳал қилиши мумкин. “Сити”нинг кейинги режалари нима бўлиши ва Родри қанча муддат тикланишга муҳтож бўлиши эса яқин кунларда маълум бўлади.

Мухлислар эса ҳозирча нима бўлганини англашга ва севимли ярим ҳимоячининг тезроқ сафга қайтишини кутишга мажбур. Чунки Родрисиз “Манчестер Сити”ни тасаввур қилиш жуда қийин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола шокда: Родри яна майдондан узоқлашди