date

Абдуқодир Ҳусановни ўйнатмагани учун мухлислар Гвардиолага эътироз билдиришмоқда

Абдуқодир Ҳусановни ўйнатмагани учун мухлислар Гвардиолага эътироз билдиришмоқда
Европа футболида ҳар бир мавсум янгидан-яна шов-шувларга бой, айниқса гап гранд клублар ҳақида кетганда. Яқинда ФИФА шафеълигидаги янги форматда ўтказилаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида “Манчестер Сити”нинг эрта мағлуб бўлиши кўпчиликни ҳайратга солди, деб хабар берди mancitynews.com.

Гвардиола бошчилигидаги “шаҳарликлар” гуруҳ босқичини кутилганидек йўқотишсиз ўтказган эди. Улар фақат плей-оффнинг дастлабки босқичидаёқ Саудиянинг “Ал-Ҳилол” клубига имкониятни бой бериб, мусобақадан четда қолди. Бу натижа, айниқса, жамоанинг асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилгани учун мухлислар ва экспертлар орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Айни пайтда мухлисларни энг кўп ўйлантираётган масалалардан бири — марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг тақдири. Жамоадаги рақобат кучайгани фонида Хосеп Гвардиоланинг унга етарли ўйин амалиёти бермаётгани мухлислар орасида танқид ва эътирозларнинг кучайишига олиб келди. Шунингдек, “Сити”нинг ҳимоядаги муваффақиятсиз ўйинлари ҳам айнан Ҳусановни захирага михлаб қўйиш қанчалик тўғри экани ҳақида саволларни кучайтирди.

Махсус таҳлилда маncitynews.com сайти ва Дэвид Талли сўнгги воқеаларга тўхталди:
“Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтда майдонда деярли кўринмаяпти. У охирги марта “Борнмут”га қарши баҳсдан сўнг Англия кубогида ўзини кўрсатган эди. Жаҳон чемпионатида фақат “Ал-Айн”га қарши ўйинда ўнг қанотда ҳаракат қилди, аммо бу учрашувда ҳам унга тўлиқ ишонч билдирилмади".

Шунингдек, эксперт мухлислар фикрларига ҳам урғу берди. Twitter ва ижтимоий тармоқларда “Ҳусанов жамоа келажаги”, “Гвардиола унга кўпроқ имконият бериши керак”, “У тезлиги билан Диасдан яхшироқ”, “Янги мавсумда ҳам захирада қолмаса бўлди”, деган муносабатлар кўпайтган.

Абдуқодир Ҳусанов, 21 ёшли марказий ҳимоячи, январда “Ланс”дан “Манчестер Сити”га келганидан сўнг қисқа вақт ичида барча турнирларда тўққизта учрашув ўтказди. Айниқса, “Тоттенхэм”, “Реал”, “Ньюкасл” ва “Ливерпуль”га қарши баҳсларда кўрсатган ўйини мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Февраль ойида у жамоанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.

Бироқ апрелдан бери Хосеп Гвардиола унга ишонч билдирмай қўйди — Ҳусанов фақат “Ал-Айн”га қарши 61 дақиқа ўйнади, холос. Шу сабабли ҳам “Манчестер Сити” мухлислари орасида у келаси мавсум ҳам захирада қолиб кетмайди, деб умид қилаётганлар сони ортиб бормоқда.

Экспертлар таъкидлашича, бундай ёш, тезкор ва универсал ҳимоячини эҳтиётда ушлаб туриш клуб учун ҳам, футболчи учун ҳам манфаатли эмас. Айниқса, жамоа ҳимояда муаммо юзага келаётган пайтда, ўзидаги иқтидордан тўғри фойдаланиш керак.

Якунда таъкидлаш керак: Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да узоқ муддатли келажак учун муҳим футболчига айланиши мумкин. Гвардиоланинг навбатдаги мавсумда унга ишонч билдириш-билдира олмаслиги эса нафақат ҳимоя чизиғининг, балки бутун жамоа ўйинининг келажагига таъсир қилиши аниқ. Мухлислар эса яқин ҳафталарда бу масалага ойдинлик киритилишини интизорлик билан кутяпти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановни ўйнатмагани учун мухлислар Гвардиолага эътироз билдиришмоқда