
"Ливерпул" бош мураббийи Арне Слот жамоа аъзоси Диогу Жота билан охирги мулоқотини эслаб, уни Португалия терма жамоасининг Миллатлар Лигасидаги зафарли натижаси ва тўйи муносабати билан табриклаганини таъкидлади.
Аввалроқ маълум бўлганидек, Диогу Жота ва унинг укаси — “Пенафиел” клуби аъзоси Андре Силва Испаниянинг шимоли-ғарбий ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт фожиасида ҳаётдан кўз юмди.
"Бу каби пайтда гап топиш қийин. Қандай сўз айтсам, оғриқ ва кўнгил зарбаларини енгиллаштириши мумкин? Қанийди, қандайдир сўз топиб гапира олсам.
Менда бор нарса — биз севган инсон ва футболчи ҳақида гапириш имконияти. Менинг бу фикрларимни менежер эмас, балки ота, ўғил, ака, дўст ва қариндош сифатида қабул қилинг. Диогу ва Андре Силва оиласи тушунарсиз бир ажралишга дуч келди.
Менинг эътиқодим аниқ: сизни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаймиз. "Ливерпул" футбол клуби аъзолари, ходимлари ва мухлислари сизнинг ёнингизда. Мен бугун кўрган манзараларга таянган ҳолда айтаман — футбол оиласи янада кенг қамровли экан.
Бу воқеа клуб учун сўзсиз зарба. Диогу жамоамизнинг фақат футболчиси эмас, балки барча учун азиз инсон эди. У ишончли жамоадош ва меҳрибон ҳамкасб бўлган.
Унинг жамоамизга қўшган ҳиссаси ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо унинг ўйинларини кузатган ҳар бир инсон буни ўз кўзи билан кўрган. Меҳнатсеварлик, интилиш, фидойилик, маҳорат ва голлар — “Ливерпул” футболчиси қандай бўлиши кераклигининг ифодаси эди.
Кўпчилик кўрмаган жиҳатлар ҳам бор. У ҳеч қачон машҳурликка интилмаган, лекин уни барибир топган инсон эди. Ҳамманинг дўсти, оиласини севган ва улуғлаган шахс эди.
Охирги бор гаплашганимизда, мен уни Миллатлар Лигасидаги ютуқлари билан табриклаган эдим ва тўйи бахтли ўтишига умид билдирганман. Бу ёз унга ва оиласига бахт порлаб турган палла эди, аммо энди шундай тугаши оғриқлидир.
Мен клубга янги келган пайтимда ўрганган қўшиқлардан бири мухлислар томонидан Диогуга бағишланган қўшиқ эди. Мен у билан аввал бирга ишламаган эдим, лекин йиллар давомида жуда кўп ажойиб ўйинчиларни кўрган "Ливерпуль" мухлислари Диогу учун шундай ноёб қўшиқ айтаётган экан, демак, унда ўзига хос фазилатлар борлигини англаб етгандим.
Унинг шундай фазилатларини йўқотишга кўникиш жуда оғир. Шунинг учун клубда ҳамма бирдамликда, яқинликда бўлиши керак.
Мен Диогунинг рафиқаси Руте, уларнинг уч нафар фарзанди ҳамда Диогу ва Андре Силванинг ота-оналарига юракдан ҳамдардлик билдираман.
Келажакда унинг голларини эслаб, қўшиғини куйлашда давом этамиз. Бироқ шундоқ ҳам унинг инсон сифатидаги образи қалбимизда яшайди. У ҳеч қачон унутилмайди.
Унинг номи — Диогу", — деди Слот. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар