date

Нико Уильямс “Атлетик”да қолди: нега у орзусидаги "Барса"ни эмас, садоқатни танлади?

Нико Уильямс “Атлетик”да қолди: нега у орзусидаги "Барса"ни эмас, садоқатни танлади?
Европа трансфер бозорида кутилган энг катта драмалардан бири — Нико Уильямснинг тақдири ниҳоят ўз нуқтасини топди. Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” иккинчи бор жонкуярлик билан 22 ёшли қанот ҳужумчисини ўз сафига қўшишга интилди. Каталония клуби бу трансферни ёзги ойнинг асосий воқеасига айлантириш ниятида эди ва футбол оламида ҳамма Никони “Камп Ноу”да кўради, деб ўйлади.

Бироқ барча миш-мишлар ва кутилмаларга қарши равишда, “Атлетик”нинг тарбияланувчиси ва энг ёрқин юлдузи Нико Уильямс Бильбаода қолишга қарор қилди. Энг эътиборлиси, у клуби билан ажойиб — тўлиқ ўн йиллик шартнома имзолади. Шу тариқа, “Арсенал”, “ПСЖ”, “Бавария” ва “Барселона” каби йирик клубларнинг орзуси орзуда қолди.

Нико Уильямс ўзига хос ва самимий изоҳ берди: “Қарор қабул қилиш мен учун осон бўлмади. Аммо кўнглимга қулоқ тутдим — мен учун энг муҳими дўстларим ва уйим. “Атлетик” — бу менинг ҳаётим, бу менинг уйим. Олға, “Атлетик”!”

Мухлислар ва футбол экспертлари таъкидлашича, Уильямснинг бундай қарор қабул қилиши — катта пуллар, машҳурлик ёки муваффақиятлар эмас, балки садоқат ва клубга муҳаббат туйғуси устувор эканини яна бир бор намоён этди.

Нико Уильямс “Атлетик” сафидаги фаолиятида 194 та расмий ўйинда иштирок этди ва жамоаси учун 40 та гол урди, 41 та аниқ пас билан ҳамда кўплаб муҳим баҳсларда ҳал қилувчи ўйинчига айланди. Унинг миллий жамоадаги фаолияти ҳам етарлича натижали — Испания терма жамоаси сафида 28 та учрашувда рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол этган.

Катта эҳтимол билан, янги битим “Атлетик” ва Нико Уильямс учун янги тарих бошланиши бўлади. Бу қарор нафақат клуб, балки бутун Бильбао шаҳри ва унинг мухлислари учун ғурур ва илҳом манбаи бўлиб қолмоқда. “Барселона” эса орзусидаги юлдуздан яна бир бор маҳрум бўлди — катта футболдаги садоқат ҳикояси яна бир бор ғалаба қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нико Уильямс “Атлетик”да қолди: нега у орзусидаги "Барса"ни эмас, садоқатни танлади?