
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ўзининг тарихий натижасини қайд этган баҳсдан сўнг, жамоа аъзолари ўйин борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Непал терма жамоасига қарши ўтган ўйин барча учун осон кечмади — айнан шундай курашли ва драматик баҳсда қизларимиз Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди, деб хабар берди championat.asia.
Жамоанинг етакчиларидан бири Людмила Карачик сўзларига кўра, бу ўйин олдидан барча футболчилар оғир беллашув кутган эди. “Ўйин қийин бўлишини билар эдик. Биринчи таймдаги голларимиз катта устунлик берди. Бироқ, қизил карточкадан сўнг жамоамиз ҳимояланишга мажбур бўлди ва майдон марказини бой бердик. Шу сабаб кўп тўпларни йўқотдик. Шундай муҳим лаҳзада барчани чин дилдан табрикламоқчиман”, — деди у.

Яна бир тажрибали футболчи Лейла Ораниязова ҳам баҳснинг драматизми ва жиддийлигига урғу берди. “Ўйин ниҳоятда қийин ўтди. Кераксиз четлатиш юз берди ва биз учун асосий вазифа — дарвозамиз дахлсизлигини сақлаш эди. Аммо, афсуски, иккита гол ўтказиб юбордик. Кейин эса барча нарса пенальтилар сериясига боғлиқ бўлди. Ўша лаҳзада ғалаба қозонишимизга ишончим комил эди. Қизил карточкадан кейин ўйин кескин ўзгарди ва ҳимояга ўтишга мажбур бўлдик. Осиё чемпионатида ўзимизни намойиш этиш — энди янги мақсад”, — деб фикр билдирди у.

Таъкидлаш жоиз, кеча Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 23 йиллик танаффусдан сўнг Осиё чемпионатига йўл очди. Бу натижа нафақат футболчилар, балки бутун мамлакат учун катта илҳом ва руҳлантирувчи воқеа бўлди.
Жамоа аъзоларининг фикрлари, тарихий ғалаба сари олиб борган йўли ва руҳий тайёргарлиги бугун барча мухлислар учун энг асосий мотивация манбаига айланмоқда. Янги синовлар ва катта мақсадлар олдинда турибди — бу йўлда Ўзбекистон аёллар терма жамоасига омад ва зафар тилаймиз! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар