
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Европа клублари ўйнайди.
КЖЧ. Яримфинал
8 июл. Ист-Рутерфорд. «Метлайф Стэдиум»
«Флуминенсе» — «Челси» 0:2
Голлар: Жоао Педро (18, 56).
«Флуминенсе» — Фабио, Игнасио, Силва, Сантос (Кено, 54), Гуга, Бернал (Лима, 70), Ҳеркулес (Каноббио, 70), Рене, Нонато (Сотелдо, 66), Ариас, Кано (Эвералдо, 54).
«Челси» — Санчес, Гюсто (Жеймс, 68), Адарабиойо, Чалоба, Кукуреля, Кайседо, Фернандес (Сантос, 86), Палмер, Нкунку (Дюзбери-Ҳолл, 86), Нету (Мадуэке, 68), Педро (Жексон, 60).
Огоҳлантиришлар: Нонато (59), Сотелдо (72), Санчес (73).
Икки қария ва муаммолар
«Челси» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида худди Бразилия бўйлаб турне уюштираётгандек бўлмоқда. Кўклар гуруҳ босқичида доминант футбол намойиш эта оладиган «Фламенго»га ютқазиб қўйганди (1:3), чоракфиналда худди шу каби кучли «Палмейрас» тўсиғидан ўтди (2:1). Тўлиқ комплект учун фақат «Ботафого»га қарши ўйин етишмади, турнирда максимал даражада ёпиқ футбол намойиш этган жамоа нимчоракфиналда «Палмейрас»га ютқазиб (0:1), турнирни тарк этганди. «Флуминенсе» эса Бразилиянинг энг узоққа етиб борган жамоаси бўлди. Бу кўп жиҳатдан жамоа бош мураббийи Ренату Гаушнинг хизматидир.
Бразилия чемпионатида олтинчи ўринда бораётган ушбу жамоа таркиби мамлакатнинг клублар ўртасидаги мундиалга келган бошқа вакилларига қараганда камтарроқ. 44 ёшли дарвозабон Фабио ва 40 ёшли Тиагу Силва каби тажрибали юлдузлар бор. Колумбиялик Ариас ва 37 ёшли аргентиналик ҳужумчи Кано қиёфасидаги қитъа даражасидаги юлдузлар ҳам. Шу билан бирга, «Флу» дисквалификация туфайли икки муҳим футболчисининг ўрнини боса оладиган футболчи тополмади. Албатта, Эркулес турнир давомида иккита муҳим гол урди, аммо унинг даражаси Мартинеллиники билан тенглашолмайди, АҚШда фақат 18 дақиқа ўйнаган фахрий футболчи Тиагу эса Фрейтес каби ҳаракатланолмасди. Бундан ташқари, Самуэл Шавер жароҳат олгани туфайли марказий ҳимоячи Гугани ўнг қанотда ўйнатишга тўғри келди.
Ўзингдан чиққан бало

Энцо Мареска бундай фонда ўз жамоасининг қийинчиликларидан нолиши адолатдан бўлмасди. Чоракфиналда таянч зонасини қайтадан ташкил этишига тўғри келган «Челси»да бу ўйин арафасида муаммолар йўқ эди ҳам. Энди таркибга Кайседо қайтган, Колуилл ва Делапнинг йўқлигини билинтирмаслик кенг таркибга эга лондонликлар учун қийин эмасди. Жамоа ҳужум чизиғи учун бир ҳафта олдин Жоау Педруни харид қилган ва уни плей-офф ўйинлари учун заявка қилганди.
Айнан ушбу футболчи 18-дақиқада ҳисобни очди. «Челси»нинг собиқ футболчиси Силва тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришда муваффақиятсиз ҳаракат қилди ва ҳужумчи ўнг оёғида айланма зарба йўллади ва ўйин олдидан ваъда қилганидек янги жамоаси сафидаги илк голини нишонламади. Ой бошида «Брайтон»дан 60 млн фунтга сотиб олинган футболчи трибуналарни тўлдириб ўтирган «Флуминенсе» мухлисларидан узр ҳам сўради, у 10 ёшида ушбу клуб академиясига қабул қилинган ва бир йил асосий жамоада ўйнаб, 18 ёшида Европага йўл олганди.
«Челси» ҳужумкор ўйнашда давом этди, фақат бразиллар — бу турнирда бир неча бор кузатилганидек — зарбаларга дош бера олиши ҳамда кучли прессинг остида ҳам ўз вазиятларини топа олишини намойиш этишди. Дастлаб 26-дақиқада бундай вазият Эркулесда юзага келди. У тўпни дарвозабоннинг ёнидан ўтказди, аммо зарба кучли эмасди ва Кукуреля тўпни чизиқ устида қайтариб қолишга улгурди.

Яна ўн дақиқа ўтиб ижро этилган стандарт вазиятдан кейин тўп Чалобанинг қўлига тегди, бош ҳакам Франсуа Летексе 11 метрлик нуқтани кўрсатди, аммо видеоҳакамлар уни монитор қаршисига чақиришди. Видеотакрорни кўрганидан кейин эса ҳакам қарорини ўзгартирди, у бу ҳолатда ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда бўлган деб топди.

Бўлимнинг сўнгги дақиқасида эса рақиб жарима майдони марказида бўш қолдирилган Эркулес Гуганинг ажойиб узатмасидан кейин тўпни дарвозага тўғрилаб юбора олмади.
Гаушнинг таваккалчилиги
Танаффусда «Челси» штаби керакли хулосалар чиқарди ва керакли ўзгартиришларни амалга оширди. Иккинчи бўлимда кўклар жамоаси тўпни ўз назоратига олиб, бразилларни позицион ҳужумлар билан ҳолдан тойдира бошлади. Лондонликлар қисқа паслар билан вақтни ўлдиришди ва кутилмаганда ҳужумга ўтиб рақибни доғда қолдиришга ҳаракат қилишди. Шундай ҳужумлардан бирида Кукурелянинг зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.
Гауш эса бундай ўйин билан натижага эришиб бўлмаслигини билиб, таваккалчиликка қўл урди ва плей-оффда илк бор уч марказий ҳимоячига асосланган схемасидан воз кечди. Захирадан ўйинга қўшилган Эвералдо яқин бурчакка зарба бериб, Санчесни қаҳрамонлик кўрсатишга мажбур қилди, бошқа бир жокер — Кено эса яна бир истиқболли ҳужум уюштирди, бу вазиятлар лондонликлар штаби учун ўйин ўзгара бошлагани ҳақидаги огоҳлик қўнғироғи эди. Аммо бу ҳолат узоқ давом этмади — «Челси» рақиб ҳимоясида бўшлиқларга эга бўлди. Рақиб футболчилари қўпол ўйнаса ҳам.
Бу Палмерни тўхтата олмади. Коул рақибнинг икки футболчиси ташланишидан кейин оёқда турди ва ҳимоядан чиқишда тўпни ўзида сақлаб қолди, Энцо Фернандес эса Жоау Педруни олдинга ташлади, у ҳимоячи Игнасиони осонлик билан алдаб ўтиб, яна бир чиройли зарба билан ўйин тақдирини амалда ҳал қилди ва яна бир бор «Флу» мухлисларидан узр сўради.
Рақиб футболчилари эса уни барибир кечиришмади, иккинчи голдан бир неча дақиқа ўтиб Нонато унинг оёғига зарба берди. Ўйин қаҳрамони жароҳатдан қутулиб қолди, аммо Мареска уни асрашга қарор қилди ва захирага олди. Унинг ўрнига тушган Николас Жексон эса нега захира футболчисига айланиб қолганини намойиш этди. У марказда, бўш дарвоза қаршисида турган Палмерга пас бериш ўрнига тўпни дарвозанинг ташқи томонига тепди.
Қолган дақиқаларда Силва Кристофер Нкункунинг зарбасидан кейин дарвозабондан ўтиб, дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатиб, «Флуминенсе»ни йирик мағлубиятдан қутқариб қолди.
Бразиллар турнирни бошни баланд кўтарган ҳолда тарк этиши мумкин. «Челси» эса кутилмаганда финалга етиб келди ва ўзининг иккинчи қатъалараро титулини қўлга киритишга ҳаракат қилади. 2012 йилги биринчи уринишда жамоа «Коринтианс»га ютқазганди, тўққиз йил ўтиб эса «Палмейрас» мағлуб этилганди. Энди финал Европа вакилига («ПСЖ» ва «Реал» жуфтлиги ғолиби) қарши кечади.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар