date

Рустам Ашурматов: "Аббосбек Файзуллаев Европага чиқади, шубҳа йўқ!"

Рустам Ашурматов: "Аббосбек Файзуллаев Европага чиқади, шубҳа йўқ!"
“Рубин”ни тарк этиб, фаолиятини Эроннинг “Истиқлол” жамоасида давом эттираётган ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Рустам Ашурматов яқинда россиялик спорт журналист Владислав Кругловга берган интервьюсида Аббосбек Файзуллаев ҳақида фикр билдирди.

Фикр мулоҳазалар доирасида, у Файзуллаевнинг Европага чиқиш эҳтимоли, Туркия клубларидан келиб тушаётган таклифлар ва унинг профессионал муносабати ҳақида гап очди. Ашурматовга кўра, Аббосда катта потенциал бор ва у ишлаётгани билан бунга тўлиқ муносиб.

"Туркиядан қизиқиш борлигини эшитдим. Лекин у билан бу мавзуни шахсан муҳокама қилмаганман. Агар у Туркияда мунтазам асосий таркибда майдонга туша бошласа — у ерга бориши мантиқан тўғри бўларди. Аммо, агар у захирада қолиб кетса, Россияда қолгани маъқулроқ", – дейди Ашурматов.

Футболчи шунингдек, Файзуллаевнинг индивидуал тайёргарлиги ва Европа йўналишига бўлган интилишини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Аббосда Ҳусанов сингари юқори поғоналарни забт этишга барча салоҳият бор.

"У жамоа билан бирга машғулотлар билан чекланиб қолмайди. Аббос ўзи устида ҳам ишлайди. Бу жуда муҳим жиҳат. У Европада тўп суришни орзу қилади ва менимча, буни уддалайди. Уни шу мақсадга етакловчи ирода ва меҳнаткашлик етарли", – деб таъкидлади Ашурматов.

Мухлислар учун эса энг асосий савол — Файзуллаевнинг кейинги қадами қаерга олиб боради? Туркиянинг мураккаб чемпионатида ўзини намоён этадими ёки Россияда қолиб, юқори даражадаги тажриба тўплайдими?

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Аббосбек Файзуллаевнинг номини Европанинг катта клублари қайд этиши фақат вақт масаласи бўлиб қолмоқда. Унинг ишлари ва сўнгги ўйинлардаги фаоллиги бу йўлда жиддий сигнал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рустам Ашурматов: "Аббосбек Файзуллаев Европага чиқади, шубҳа йўқ!"