
Жаҳон футболидаги сўнгги сенсацион воқеалардан бири бўлган ПСЖ — "Реал" тўқнашуви атрофида қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Париж жамоаси клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида "қироллик клуби"ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу ўйин нафақат натижа, балки услуби билан ҳам кўплаб мутахассисларни ҳайратга солди.
Шу каби фикрларнинг энг ёрқинларидан бири — Англия футболининг таниқли арбитри ва ҳозирги спорт таҳлилчиси Жейми Каррагер томонидан билдирилди. "Ливерпуль"нинг собиқ ҳимоячиси ушбу учрашувдан кейин ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай деб ёзди:
"Мен ПСЖ ўйинини кўраётганда, худди Гвардиоланинг "Барселона"си ўйнаётгандек туйилади. Уларни бундан яхшироқ сўзлар билан тавсифлашим қийин."
Каррагернинг бу таърифи Луис Энрике шогирдлари намойиш этаётган ўйин услубига берилган юқори баҳо сифатида қабул қилинди. Аниқки, ҳозирги ПСЖ — жаҳон футболи саҳнасида ўз ўрнини топа олган, юқори даражадаги техник ва тактик ечимларга эга жамоа ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кечаги йирик ғалабадан сўнг парижликлар финалга йўл олди. Энди эса 13 июль куни ПСЖ "Челси"га қарши ҳал қилувчи учрашувда майдонга тушади. Ушбу беллашувда Луис Энрике ва Энцо Мареска ўртасидаги мураббийлар дуэли алоҳида эътибор марказида бўлади.
Футбол жамоатчилиги ПСЖнинг ушбу юришини ўзгача қизиқиш билан кузатмоқда. Ушбу жамоанинг ўйини нафақат голлар, балки ақлбовар қилмас комбинациялар, юксак интизом ва ўз ўйин услубига бўлган содиқлик билан ҳам эътибор қозонмоқда.
ПСЖ мухлислари эса жамоанинг финалдаги ҳаракатларидан янада каттароқ севинч кутмоқда. Бир нарса аниқ — Луис Энрике бошчилигидаги жамоа ҳозирча тўхташни ўйлаётгани йўқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар