date

Россиялик тўпурар Каштанов фаолиятини юртимизда давом эттириши мумкин

Россиялик тўпурар Каштанов фаолиятини юртимизда давом эттириши мумкин
Россиянинг “Урал” клуби форварди Алексей Каштанов келажагини Ўзбекистон чемпионати билан боғлаши эҳтимоли бор. Бу ҳақда championat.asia интернет нашри манбаларга таянган ҳолда маълум қилган.

Манбага кўра, ҳозирча футболчининг айнан қайси жамоа билан музокара олиб бораётгани очиқланмаган. Бироқ маълум қилинишича, томонлар ўртасида сўзлашувлар бошланган ва келишув амалга ошса, россиялик ҳужумчи иккинчи даврани Ўзбекистон Суперлигасида ўтказиши мумкин.

29 ёшли тўпурарнинг фаолияти анча тажрибали. У айни вақтгача 167 та расмий учрашувда майдонга тушган ва 40 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Шунингдек, унинг ҳисобида 22 та ассист ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда Transfermarkt интернет портали Каштановни 700 минг еврога баҳолаган.

Футболчининг Ўзбекистонга йўл олиши нафақат жамоа, балки миллий чемпионат учун ҳам жиддий трансфер бўлиши мумкин. Унинг жисмоний тайёргарлиги, голлар уриш борасидаги тажрибаси ва тўпни тўғри тақсимлаш қобилияти маҳаллий ҳимоячилар учун бош оғриғига айланиши эҳтимоли бор.

Сўнгги йилларда Суперлигада кўплаб легионерлар ўзини кўрсатмоқда. Агар Каштанов ҳам ўйинларини шу руҳда давом эттира олса, у мухлислар орасида тезда эътироф топиши муқаррар.

Ҳозирча расмий хабар берилаётгани йўқ. Бироқ футболчи ҳам, уни таклиф қилаётган жамоа ҳам бу қарорни жиддий кўриб чиқмоқда. Янги шароит, янги лига ва янги мақсадлар – Алексей Каштанов учун бу янги синов бўлиши мумкин.

Мухлислар эса ҳозирча расмий баёнотни кутишмоқда. Агар бу трансфер амалга ошса, ёзнинг энг қизиқарли савдоларидан бири сифатида тарихда қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Россиялик тўпурар Каштанов фаолиятини юртимизда давом эттириши мумкин