date

Аббосбек Файзуллаевнинг Европага йўли очилиши мумкин

Аббосбек Файзуллаевнинг Европага йўли очилиши мумкин
ЦСКА сафида ёрқин ўйинлари билан мухлислар қалбидан жой олган Аббосбек Файзуллаев Европа йўлидаги навбатдаги қадамини қўйиши мумкин. Туркиянинг сўнгги йилларда фаол трансфер сиёсати олиб бораётган “Истанбул Башакшеҳир” клуби ҳужумкор ярим ҳимоячимизга жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Аввалроқ Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олган “Башакшеҳир” эндиликда Аббосбекни ҳам жамоа марказига айлантиришни режалаштирмоқда. Бу маълумотлар жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Аббосбекнинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан ҳам бу масала юзасидан ўз фикрини билдирди:
— Мен Аббосбек билан шахсан учрашиб, унинг режалари ҳақида гаплашишни хоҳлардим. Албатта, клуб ва унинг ишқибозлари унинг ЦСКАда қолишини истайди. Аммо бу футбол ва ҳар қандай қарорга ҳурмат билан ёндашиш керак. Энг муҳими, у қандай кетмасин, жамоани шараф билан тарк этади, – деди мутахассис.

Айни пайтда Аббосбекнинг ЦСКА билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали унинг трансфер баҳосини 8 миллион евро деб белгилаган. Аммо келишув икки томоннинг хоҳишига кўра яна бир йилга узайтирилиши мумкин.

Файзуллаев 2023 йилнинг август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга ўтган ва шундан бери ўзининг фаол ўйини билан жамоа асосий таркибидан мустаҳкам жой эгаллаган. У шу кунга қадар россиялик “армиячилар” сафида 72 та расмий учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол ва 22 та ассист билан мухлисларни хурсанд қилди.

2025 йил Аббосбек учун юқори нотада бошланди. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқди ва бу муваффақиятда муҳим рол ўйнади.

Клуб миқёсида ҳам катта натижалар қайд этди: Россия премьер-лигаси бронза медали, Россия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди. Шу тариқа у Россиянинг икки асосий совринига эга чиққан илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди.

Аббосбекнинг Европа йўли энди бошланмоқда, аммо бу йўл нафақат унинг шахсий ютуғи, балки ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Сўнгги қарор яқин кунларда маълум бўлади. Бир нарса аниқ: бу трансфер Аббосбекнинг фаолиятидаги энг муҳим бурилишлардан бири бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаевнинг Европага йўли очилиши мумкин