date

Аббосбекнинг Европа сари йўли: мутахассислар нима дейишмоқда?

Аббосбекнинг Европа сари йўли: мутахассислар нима дейишмоқда?
Яна бир катта трансфер сўнгги кунларда ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ва экспертлар орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. ЦСКА ва миллий терма жамоамизнинг иқтидорли ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаев Туркия Суперлигасининг нуфузли “Истанбул Башакшеҳир” клубига ўтиши ҳақида жиддий хабарлар тарқалди.

Бу масала юзасидан ўз соҳасининг етук мутахассислари — Алишер Никимбаев, Вячеслав Чанов ва Анзор Гаргаевнинг фикр-мулоҳазаларини мухлислар эътиборига ҳавола этамиз.

Алишер Никимбаев, футбол мутахассиси:
— Илгариги пайтларда бу каби трансферни ортга қадам, деб баҳолаган бўлардим. Лекин ҳозир буни тўғридан-тўғри олдинга қадам деб ҳисоблайман. “Башакшеҳир” каби йирик клуб Аббосбек учун Европага йўл очувчи трамплинга айланиши мумкин. Санкциялар туфайли ЦСКАда ўйинчи сотишда муаммолар бор. Аббоснинг Истанбул клубига трансфери бу тўсиқларни айланиб ўтиш учун амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун энг аввал ўйинчини Россиядан олиб чиқиш, кейин Туркия орқали уни Европага юбориш мумкин.

Вячеслав Чанов, ЦСКА собиқ дарвозабони:
— Аббоснинг кетиши мен учун ёмон янгилик. У Россияга келганида кўпчилик унга шубҳа билан қараган, баъзилар эса бу трансферга умуман ишонмаган эди. Аммо Аббосбек майдондаги ижодкорлиги, меҳнатсеварлиги ва курашчанлиги билан тезда мухлислар қалбини забт этиб улгурди. Мен шахсан унинг ЦСКАда қолишини жуда хоҳлардим.

Анзор Гаргаев, Туркия бозори бўйича эксперт:
— Аббосбек Файзуллаев ўзининг универсал ўйин услуби билан “Башакшеҳир”га идеал мос тушади. Клубда молиявий барқарорлик бор, шунингдек, шахсан Президент Ражап Тайип Эрдоған ҳам бу жамоани қўллаб-қувватлайди. Бу жамоа орқали Аббосбек Европага йўл очиши мумкин.

21 ёшли Аббосбек “Пахтакор” тарбияланувчиси. Унинг Россиядаги илк мавсумиёқ муваффақиятли ўтди: Россия Премьер-лигасида асосий кашфиёт сифатида эътироф этилди, Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди ва ЦСКА билан бронза, кубок ҳамда Суперкубок медалларини қўлга киритди. Жамоадаги 72 учрашув, 8 та гол ва 22 ассист унинг сўнгги йиллардаги ривожи ва потенциалини яққол намоён қилди.

Қисқача айтганда, экспертлар Аббосбек Файзуллаевнинг “Башакшеҳир”га кўчиб ўтиши — нафақат профессионал ўсиш, балки Европа футболига йўл очувчи муҳим қадам бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлашмоқда. Мухлислар эса ёш юлдуздан янги зафар ва ижобий янгиликларни кутмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбекнинг Европа сари йўли: мутахассислар нима дейишмоқда?