
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда ЦСКА клубининг иқтидорли ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаевнинг яқин келажакдаги фаолияти ҳамон ноаниқлигича қолмоқда.
Европанинг айрим обрўли ОАВлари ва футбол инсайдерларининг таъкидлашича, 21 ёшли ўзбекистонлик футболчи “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига ўтиши мумкин. Ушбу Туркия клуби орқали Аббосбекнинг Европанинг етакчи чемпионатларига йўл олиши ҳақида тахминлар билдирилмоқда.
Шу билан бирга, “Истанбул Башакшеҳир”нинг матбуот хизмати клуб раҳбарияти ҳозирча Аббосбек Файзуллаев номзодини кўриб чиқмаётганини расман маълум қилди. Аммо Россия футбол жамоатчилиги ва экспертлари орасида бу трансфер мавзуси қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Қизиқарлиси, мутахассислар бу масалада турли фикрларни илгари сурмоқда.
Евгений Алдонин, ЦСКАнинг собиқ ярим ҳимоячиси:
Файзуллаевни айнан мана шу ёзда сотиш ЦСКА учун манфаатли бўлиши мумкин. Аббосбекнинг Россиядаги илк мавсуми ёрқин ўйинларга бой бўлди. Аммо кейинги мавсумда у асосий таркибдаги мавқеини йўқотди ва кутилган даражада ўз ўйинини намойиш қила олмади.
Аббосбек ўта иқтидорли ва келажакли футболчи. Унинг доимий равишда майдонга тушиб туриши зарур. Агар яхши шарт-шароит ва клуб учун муносиб таклиф тушса, бу ўтишни амалга ошириш керак.
Ҳозирги ҳолда Файзуллаев ўз роли ва ўрнидан рози эмаслиги кўриниб турибди. Сабаби — у жуда кам ўйнаяпти. Бош мураббий Марко Николич тактик схемани ўзгартириб, Аббоснинг ўйин услубига мос келмайдиган моделни қўллашни бошлади. Бу эса унинг ўйинида пасайишга олиб келди.
Аббосбек жисмонан бақувват футболчи эмас. Шу боис, у доимий тонусда бўлмаса, яккакурашларда самарасиз ўйнайди.
Тимур Лепсая, футбол мутасаддиси:
Агар мен ЦСКА раҳбариятида бўлганимда, Аббосбек Файзуллаевни ҳозир эмас, балки жаҳон чемпионатидан сўнг сотишни маъқул кўрардим. Ундан яна бир мавсум клубда қолишни сўрар, кейинроқ катта нархга трансфер қилиш имкониятини яратиб қўярдим. Мундиал унга қимматбаҳо йўлланма бўлиши мумкин.
Маълумот учун, “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган Аббосбек Файзуллаев 2023 йил август ойида ЦСКА билан шартнома имзолаган. Бу трансфердан “Пахтакор” 500 минг евро маблағ олган.
Аббосбек ЦСКА сафидаги дебют мавсумидаёқ ўзини намоён этишга муваффақ бўлди ва Россия Премьер-лигасининг энг йирик кашфиёти сифатида тан олинди. Шунингдек, у Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.
2024 йил Файзуллаев учун муваффақиятли йил бўлди — у ЦСКА билан Россия чемпионатида бронза медалига эга чиқди, мамлакат кубоги ва Суперкубокда ғолибликка эришди.
Ушбу давр мобайнида Аббосбек ЦСКА сафида барча мусобақаларни ҳисобга олганда 72 марта майдонга тушди ва 8 та гол, 22 та голли узатмани амалга оширди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар