date

Голлар, муҳаббат ва миннатдорлик: Алишер Одилов "Навбаҳор"дан кетди

Голлар, муҳаббат ва миннатдорлик: Алишер Одилов "Навбаҳор"дан кетди
Наманганнинг севимли жамоаси "Навбаҳор" сафида бир мавсум фаолият юритган ёш ва иқтидорли вингер Алишер Одилов ижтимоий тармоқ орқали мухлислар билан самимий тарзда хайрлашди. У Instagram саҳифасида жамоа билан ўтган қисқа, аммо мазмунли даврни самимий сўзлар билан ёдга олди.

“Ассалому алайкум, менга қадрли бўлган ‘Навбаҳор’ мухлислари! Сизлар билан кам бўлса-да, бир мавсум бирга бўлганимдан жуда хурсандман. Гол уришимда ва пасларимда сизларнинг ҳиссангиз жуда катта. ‘Навбаҳор’ менда илиқ хотира қолдирди. Мен қаерда бўлсам ҳам, мухлислар мени дуо билан қўллаб-қувватлашларига ишонаман. Сизларни яхши кўраман”, — деб ёзиб қолдирди футболчи.

Футболчи 2024/25 йилги мавсумда "Навбаҳор" жамоаси таркибида 19 та ўйинда майдонга тушди, шу вақт мобайнида 3 та муҳим гол муаллифи бўлди ва 9 та голли пас узатишга муваффақ бўлди. Унинг жамоа ўйинидаги ҳаракатчанлиги, тезлиги ва таъсирли узатмалари кўплаб мухлисларнинг юрагидан жой олди.

Бу кўрсаткичлар футболчининг нафақат майдонда, балки мухлислар қалбида ҳам из қолдирганини англатади. Унинг сўзларидан ҳам кўриниб турибдики, у "Навбаҳор"ни фақатгина клуб сифатида эмас, балки руҳий яқинликдаги жамоа сифатида қабул қилган.

Маълумотларга кўра, 24 ёшли Одилов фаолиятини Фарғонанинг "Нефтчи" клубида давом эттириши кутилмоқда. У ерда у янада катта салоҳиятини намоён этиши, янги муҳитда ҳам ўз ўйинини мукаммал тарзда кўрсатиши мумкин.

Бир мавсум – бир дафтар, бир хайрлашув – мингта тилак. Одиловнинг "Навбаҳор"дан кетиши мухлислар учун ҳам, футболчи учун ҳам хотираларга тўла даврни якунлади. Энди эса, унинг навбатдаги саҳифаси "Нефтчи" сафида очилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Голлар, муҳаббат ва миннатдорлик: Алишер Одилов "Навбаҳор"дан кетди