date

Элдор кетди, ирландиялик ҳужумчи Римга яқинлашмоқда

Элдор кетди, ирландиялик ҳужумчи Римга яқинлашмоқда
Итальян футболида ёзги трансфер мавсуми қизғин паллага кирди. Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахам билан хайрлашган “Рома” янги ҳужумчи излашни бошлаган эди. Энди эса, клубнинг диққати Англия Премьер-лигасида тобланган ирландиялик ёш тўпурарга қаратилди, деб хабар берди Фабрицио Романо.

Гап шундаки, “Брайтон” клуби сафида тўп сураётган Эван Фергюсон фаолиятини Италияда давом эттириши мумкин. Мутахассислар ва нашрлар тарқатган маълумотларга кўра, 20 ёшли марказий ҳужумчи янги мавсумда римликлар сафида ижара асосида ҳаракат қилиши эҳтимоли юқори.

Музокаралар жуда фаол ва жиддий кечмоқда. “Бўрилар” — айнан шу лақаб билан тилга олинадиган “Рома” раҳбарияти Эваннинг Англияда олган маошини тўлиқ тўлашга тайёр эканлигини билдирган. Бу эса келишувни тезлаштирадиган асосий омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Эван Фергюсон ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини “Вест Хэм” жамоасида ижарада ўтказган эди. Шу муддат ичида у майдонга тез-тез тушмади, лекин A Серияда ўзини кўрсатиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги мумкин. "Брайтон" билан тузилган амалдаги шартномаси 2029 йилгача давом этади, бу эса унинг узоқ муддатли лойиҳа учун мўлжалланганини англатади.

Қайд этиш жоизки, ирландиялик ёш форвард 2024/25 йилги мавсумда 23 та учрашувда майдонга тушиб, фақат 1 та гол урган. Баъзи экспертлар буни ундаги потенциалнинг тўлиқ очилмагани билан изоҳламоқда. Римдаги янги муҳит, кучли рақобат ва мураббийлар штабидаги ишонч Фергюсонни бутунлай бошқа даражага олиб чиқиши мумкин.

Унинг жисмоний тайёргарлиги, ёшлиги ва ҳаракатчан услуби “Рома”нинг ҳужумдаги янги қуролига айланишига умид боғламоқда. Мухлислар эса Элдор ва Абрахам кетганидан сўнг, айнан шу ҳужумчидан кучли таассурот кутишмоқда.

Фергюсон “Рома” учун янги имконият, у эса ўзининг катта саҳнада ўзини кўрсатиш учун яна бир шанс деб ҳисобламоқда. Ҳар икки томон учун ҳам катта синов бошланмоқда. Шу боис, бу трансфер яқин кунларда расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор кетди, ирландиялик ҳужумчи Римга яқинлашмоқда