date

Англиядаги иккинчи ўзбек: Нодирбек Бобомуродов тарихий жамоада

Англиядаги иккинчи ўзбек: Нодирбек Бобомуродов тарихий жамоада
Айнан шу кунларда Ўзбекистон футболида яна бир қувончли воқелик рўй берди. Бу сафар асосий қаҳрамон – ҳужумкор қанот футболчиси Нодирбек Бобомуродов бўлди.

Ҳозирги пайтда Англия чемпионатида ҳаракат қилаётган ягона ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановдан сўнг, яна бир ҳамюртимиз Буюк Британия футболидаги йўлини расман бошлади.

Британия матбуоти тарқатган маълумотларга кўра, 26 ёшли Бобомуродов Лондоннинг энг қадимги футбол клуби саналган “Крей Уондерерс” билан тўлиқ расмий шартнома имзолади. Бу клуб Англиянинг 7-дивизионида иштирок этади ва тарихий аҳамиятга эга жамоалардан бири ҳисобланади.

“Крей Уондерерс” – 165 йиллик тарихга эга бўлган клуб бўлиб, Лондон шаҳридаги илк футбол жамоаси сифатида тан олинган. У ўзининг ташкил этилган санаси бўйича фақат “Шеффилд” клубидан кейин иккинчи ўринда туради. “Мюнхен-1860” ва “Халлам” каби клублар билан тенг ёшда.

Нодирбекнинг футбол билан танишуви айнан Англия заминида бошланган. У 2018 йилдан бери қатор клубларда тўп сурган: “Шеппей Юнайтед”, “Соут Парк”, “Чесхант”, “Коринтиан-Кас”, “Хангерфорд”, “Уэртинг”, “Кингстониан”, “Чатхэм”, “Богнор Регис”, “Литтлхэмптон”, “Три Бриджес” каби жамоаларда у фаол ҳаракат қилган.

2023 йилда у қисқа муддатга Ўзбекистонга қайтиб, “Сурхон” сафида ҳаракат қилган. Аммо бу ерда унга тўлиқ очилиш имкони берилмади ва ярим йилдан сўнг у яна Англияга йўл олди.

Қизиғи шундаки, Бобомуродов охирги бор Афғонистоннинг “Аттак Энержи” жамоасида тўп сурди. У ерда чемпионат кумуш медалига эга чиқди. Аммо клуб тарқаб кетгани боис, у яна Англияга қайтиб, “Крей Уондерерс”нинг янги аъзосига айланди.

Таъкидлаш жоиз, Бобомуродов ҳужумда универсал вазифаларни бажара олади. У асосан ўнг қанотда ўйнаса-да, чап қанотда ва ҳужумчи ортида ҳам майдонда ўзини эркин тутади.

Нодирбекнинг Англияга қайтиши нафақат шахсан ўзи учун, балки ўзбек футболи учун ҳам катта ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Чунки у энди Европа футболидаги тарихий клубнинг бир бўлагига айланди.

Бошқача айтганда, “Крей Уондерерс” сафидаги янги мавсум нафақат клуб учун, балки ўзбек футболи учун ҳам катта синов бўлади. Бу йўлда Нодирбекга омад ва муваффақият тилаб қоламиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Англиядаги иккинчи ўзбек: Нодирбек Бобомуродов тарихий жамоада