date

Доннарумма ПСЖда қоладими ёки Лондонга йўл оладими?

Доннарумма ПСЖда қоладими ёки Лондонга йўл оладими?
Лондоннинг “Челси” клуби янги мавсум арафасида дарвозабон позициясига жиддий эътибор қарата бошлади. Гап шундаки, уларнинг диққати ҳозирда ПСЖнинг асосий посбони саналмиш Жанлуижи Доннаруммага қаратилган. Бу ҳақда “RMC Sport” нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга қараганда, Европанинг қатор нуфузли клублари италиялик дарвозабонни ўз таркибида кўриш истагида. Бироқ улар орасида айнан “Челси” клуби уни қўлга киритишга энг жиддий ва қатъий интилаётган жамоа сифатида ажралиб турибди.

26 ёшли Доннарумма ҳозирда ПСЖ билан амал қилаётган шартнома асосида 2026 йилнинг ёзига қадар Франция пойтахтида қолиши керак. Аммо охирги ойларда томонлар ўртасида битимни узайтириш бўйича музокаралар олиб борилаётганига қарамай, ҳали ҳеч қандай якуний келишувга эришилмаган.

Дарвозабоннинг ўзи Париж клубида қолишдан умидвор ва у бу ерда ўзини етакчи посбон сифатида кўради. Бироқ томонлар орасидаги асосий тўсиқ — бу маош масаласи. Доннарумма ўзининг ҳозирги шартларини сақлаб қолишни хоҳламоқда, ПСЖ эса унга камроқ маош эвазига битимни узайтиришни таклиф қилмоқда.

Футбол инсайдери Николо Скиранинг хабар беришича, парижликлар унинг иш ҳақини қисқартирган ҳолда шартномани янгилаш таклифи билан чиқишган. Бу эса футболчи ва унинг агентлари томонидан жиддий қаршиликка учраётгани айтилмоқда.

“Челси” эса ушбу вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Агар ПСЖ билан музокаралар инкор натижа берса, лондонликлар Доннаруммага расмий таклиф билан чиқиши мумкин. Айни пайтда “аристократлар” клуби янги бош мураббий Энцо Мареска қўл остида жамоани қайта қуриш жараёнида экани маълум. Дарвозабон позициясидаги рақобатни кучайтириш — бу жараённинг бир қисми саналади.

Футболчилар бозорида Доннарумма каби ёш, тажрибали ва топ даражадаги посбонлар кам учрайди. У Италия терма жамоаси билан ҳам кўплаб муҳим мусобақаларда қатнашиб, ўзини намоён қилган. Шу боис унинг трансфери нафақат “Челси”, балки бутун Европа футбол жамоатчилигининг диққат марказида қолмоқда.

Ҳозирча унинг келажаги ноаниқ бўлиб турибди. Аммо бир нарса аниқ — бу ёзда Доннарумманинг номи трансферлар бозорида энг кўп тилга олинадиганлардан бирига айланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Доннарумма ПСЖда қоладими ёки Лондонга йўл оладими?