Аббосбек Файзуллаевнинг янги мавсумига катта эътибор қаратиляпти. Чунки миллий терма жамоамизнинг 2026 йил ёз ойидаги жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этиши катта тарихий воқеликдир.
Бундан ташқари, мундиалда юртимиз мухлислари Файзуллаевдан алоҳида умид қилмоқда. У ёшига қарамасдан, минтақавий саралаш босқичида ўзининг етакчилик салоҳиятини намоён этди, қийин вазиятларда фаол ўйини, зарбалари ва голли узатмалари билан бош терма жамоамизнинг муваффақиятларига сезиларли ҳисса қўшди.
Аббосбек Файзуллаев бугун миллий жамоанинг энг муҳим фигураларидан бирига айланган. Мундиалга қадар спорт формасини юқори даражада сақлаб қолиши ва мавсум давомида мунтазам равишда майдонга тушиши лозим. Айниқса, бу унинг келажакдаги муваффақияти учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Ҳозирда 21 ёшли футболчимиз Туркия чемпионатида кучини синаб кўриш арафасида турибди. Маълумотларга кўра, “Истанбул Башакшеҳир” клуби Аббосбек Файзуллаев учун ЦСКАга 7,5 миллион евро миқдорида товон пули тўламоқчи. Шунингдек, келишув турли бонуслар ҳисобига 10 миллион еврогача етиши мумкин.
Россия футбол аҳли бу трансфер ҳақида кўп гапиряпти. Туркия футболи бўйича танланган мутахассислар, хусусан, Элвин Керимов ўз фикрини билдирди. Унинг таъкидлашича, “Истанбул Башакшеҳир” мунтазам равишда Европа майдонларида ўйнаб келади, бу эса Аббосбек учун катта имкониятлар эшигини очади.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда клуб Туркия чемпионатида энг юқори ўринлар учун кураша олгани йўқ. “Галатасарай” ва “Фенербаҳче” сингари грандлар трансфер ва молиявий имкониятлари билан бошқа клублардан олдинда. “Бешиктош” ҳам уларга тенглаша олмаяпти. Шу сабабдан, мутахассислар Файзуллаевнинг “Башакшеҳир”да узоқ қолиб кетмаслиги, янада кучли чемпионат ёки топ-клубларга йўл олиши эҳтимолини айтишмоқда.
Унинг айтишича, Аббоснинг бошқа таклифларни кутиши унчалик тўғри қарор эмас эди. Турк клубининг таклифи футболчининг ўзи ва ЦСКА учун ҳам фойдали бўлди. Бахтиёр Зайнутдинов ва Элдор Шомуродов каби футболчиларнинг ҳам Туркияда ўйнаши Аббосга иложи борича тезроқ мослашишга ёрдам беради.
Туркия шароити, маданий муҳити ва ҳаёт тарзи Осиё ва юртимиз футболчилари учун жуда қулай. Шу сабабли Файзуллаев учун янги клубдаги фаолияти катта имкониятлар олиб келиши мумкин, дея фикр билдирган Элвин Керимов.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” мактабида тарбия топган ва 2023 йилнинг августида ЦСКА клуби уни 500 минг евро эвазига жамоасига қўшиб олган эди.
Файзуллаев Россиядаги дебют мавсумидаёқ таниқли футболчилар қаторидан жой олди, Премьер-лиганинг асосий кашфиёти деб топилди. “Армиячилар” сафидаги фаолияти ҳам кўплаб мухлислар томонидан эътироф этилди.
У шунчаки ёрқин ўйини билан эмас, бир қатор индивидуал совринлар эгасига айланди, ЦСКА билан бирга Россия чемпионатида бронза медалини, мамлакат кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди.
Аббосбек Файзуллаевнинг янги саҳифаси энди Туркияда очилиши кутилмоқда. Унда янги имкониятлар, янги тажрибалар ва янада юқори натижалар учун йўл очиқ. Мухлислар эса ундан катта умидда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!