Англиянинг етакчи клубларидан бири “Манчестер Сити” мураббийлар штаби анча вақтдан буён башорат қилиб келган муҳим масалага аниқ ечим топди, деб хабар берди theathletic.com.
Гап шундаки, “шаҳарликлар” ўзининг асосий дарвозабони Эдерсонга муносиб захирачи излаш жараёнида эди. Ушбу вазифа клуб учун айниқса муҳим саналган ва катта диққат билан ёндошилган масалалардан бирига айланганди.
The Athletic’нинг маълум қилишича, манчестерликлар ўз академиясида улғайган иқтидорли посбон Жеймс Траффордни жамоага қайтариш бўйича “Бёрнли” клуби билан келишувга эришган. Қизиғи шундаки, “Сити” 2023 йили Траффордни 14 миллион фунт эвазига “Бёрнли”га сотган эди.
Энди эса “Манчестер Сити” 22 ёшли дарвозабон учун деярли икки карра катта тўлов – 27 миллион фунт сарфлаб, уни яна жамоага қайтариб олди. Бу қарор “шаҳарликлар”нинг асосий таркибидаги рақобатни кучайтириш ҳамда келажакдаги узлуксиз муваффақият учун қўйилган жиддий қадам сифатида баҳоланмоқда.
Манбага кўра, Жеймс Траффорд яқин кунларда тиббий кўрикдан ўтиб, “Сити” билан расман шартнома имзолайди. Клуб ёш ва иқтидорли посбонга 5+1 йиллик битим таклиф қилмоқда.
Ушбу трансфер орқали “Манчестер Сити” ўз дарвозасига ишончли ва келажаги порлоқ футболчини қайтариб, мухлисларда катта умид уйғотди. Траффорднинг яна “Этихад”да бўлиши клуб учун ҳам, унинг фаолияти учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!