Туркиянинг етакчи клуби “Галатасарай” Виктор Осимҳенни тўлиқ харид қилиш борасида Италиянинг “Наполи” клуби билан музокараларнинг ҳал қилувчи босқичида экани маълум бўлди, деб хабар берди инсайдер Фабрицио Романо.
Манба маълумотига кўра, ҳар икки томон трансфер шартларининг асосий жиҳатлари юзасидан келишувга эришган. Ўтган мавсумни Истанбул клубида ижара асосида ўтказган Осимҳен жамоа ҳужум чизиғида ўзининг етакчи ўрнини мустаҳкамлади. Нигериялик тўпурар ўтган мавсум барча мусобақаларда 41 та ўйинда 37 та гол урган ва 8 бор голли пас узатган.
Бундай самарадорлик натижасида “Галатасарай” раҳбарияти тўлиқ трансфер учун жиддий маблағ йўналтиришга қарор қилди. Манбаларда қайд этилишича, келишув қиймати 70 миллион евро атрофида бўлиши мумкин.
Виктор Осимҳеннинг Истанбулда қолиши ва тўлиқ трансферининг амалга ошиши “Галатасарай”нинг янги мавсумдаги чемпионлик амбициялари ва Европа майдонларидаги мақсадларини янада мустаҳкамлайди. Мухлислар эса янги мавсумда Осимҳендан яна кўп гол ва ҳужумда жарқиллаган ўйинлар кутишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!