Ёзнинг қизғин палласида Англия клублари томонидан амалга оширилган трансферларнинг молиявий таҳлили кўпчилик мухлислар учун қизиқиш уйғотмоқда.
Трансферларга ихтисослашган халқаро портал Transfermarkt мутахассислари томонидан тайёрланган сўнгги ҳисоботга кўра, янги мавсум арафасида энг катта сарф-харажат қилган жамоа “Ливерпуль” бўлиб турибди. Чемпионликка даъвогарлар таркибни мустаҳкамлаш мақсадида 308,86 миллион евро сарфлади ва бу пулга жами олти нафар футболчи олиб келинди.
“Ливерпуль” сафини тўлдирган янги ўйинчилар орасида жаҳон футболининг ёрқин намояндалари: плеймейкер Флориан Вирц (125 миллион евро), марказий ҳужумчи Уго Экитике (95 миллион евро) ва чан қанот ҳимоячиси Милош Керкез (46,9 миллион евро) ҳам бор.
Иккинчи ўринда “Челси” клуби қайд этилган. Лондонликлар ушбу ёзги трансферлар ойнасидан фойдаланиб, таркибга 243,77 миллион евро сарфлади. “Аристократлар”нинг энг қиммат битими қанот ҳужумчиси Жемми Гиттенс (64,3 миллион евро) бўлди. Шунингдек, клуб икки марказий ҳужумчи — Жоао Педро (63,7 миллион евро) ва Лиам Диап (35,5 миллион евро)ни таркибга қўшди.
Молиявий харажатлар бўйича “топ-10”ликда қуйидаги жамоалар ҳам бор:
-
“Арсенал” (157,8 миллион евро)
-
“Манчестер Юнайтед” (153,2 миллион евро)
-
“Манчестер Сити” (145,7 миллион евро)
-
“Тоттенхэм Хотспур” (140,6 миллион евро)
-
“Сандерленд” (115,9 миллион евро)
-
“Брайтон” (80 миллион евро)
-
“Бёрнли” (79,75 миллион евро)
-
“Лидс” (69,4 миллион евро)
Шуни айтиш жоизки, Европада ёзги трансферлар ойнаси якунланишига ҳали анча вақт бор. Шунга кўра, ушбу статистикадаги рақамлар ва тартибларда яна ўзгаришлар бўлиши табиий ва кутилган ҳолат. Мухлислар эса тўп-суриш саҳнасининг янги юлдузларини ва йирик битимларни қизиқиш билан кузатишда давом этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!