Португалия терма жамоасининг ёрқин футболчиларидан бири — Жоау Феликс яқин орада Саудия Арабистонида тўп сура бошлаши мумкин. Ҳужумчи ҳозирда “Челси”га тегишли бўлиб, унинг “Ан-Наср” клубига трансфери устидан жиддий музокаралар олиб борилмоқда.
Таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, икки клуб трансфер шартлари бўйича деярли келишувга эришган. Қолган тафсилотларни томонлар 24–48 соат ичида расман ҳал этиши кутилмоқда.
Қизиғи шундаки, Жоау Феликс учун Лиссабоннинг “Бенфика” клуби ҳам кураш олиб борган, ҳатто улар асосий даъвогар сифатида қаралган эди. Аммо молиявий жиҳатдан Саудиянинг “Ан-Наср” клуби билан рақобатлашиш уларга қийин бўлиб чиқди.
Маълумот учун, 25 ёшли Феликс ўтган мавсумда “Челси” сафида фаолият олиб борган ва февралдан майгача “Милан” клубида ижара асосида ўйнаганди. Энди эса у Криштиану Роналду тўп сураётган “Ан-Наср” сафида ўз омадини синаб кўради.
Агар ушбу битим амалга ошса, Саудия Арабистони чемпионати яна бир юлдуз футболчи билан бойийди. Футбол жамоатчилиги эса Жоау Феликс ва Роналдунинг бир жамоада қай тарзда тўп суришини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!