Бундеслигада "Байер" шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ҳужумчи Патрик Шик янги мавсумни бошқа клубда бошлаши мумкин. Ёзги трансферлар бозорида чехиялик тўпурарга қизиқиш кескин ошгани маълум қилинди.
Айни пайтда, 29 ёшли футболчини ўз сафида кўришни истаган клублар сони тобора кўпаймоқда. Журналист Экрем Конур тарқатган маълумотга кўра, ҳужумчига тўртта мамлакатдан бешта жиддий даъвогар пайдо бўлган.
Манбада айтилишича, Италия А Сериясидан "Милан" ва "Рома" жамоалари чехиялик футболчини ўз таркибига қўшиш учун жиддий ҳаракат бошлаган. Бундан ташқари, Германиянинг "Лейпциг", Англиядан "Вест Хэм" ва Франциядан "Монако" ҳам ҳужумчига иш беришга тайёр экани айтилмоқда.
Экрем Конурнинг таъкидлашича, ҳозирча "Милан" трансфер пойгасида фаворит сифатида кўрилмоқда. Миланликлар спорт директори Игли Таре трансфер жараёнини аллақачон бошлаб юборган.
Таниқли Transfermarkt портали Шикнинг бозор қийматини 27 миллион евро деб баҳолади. Патрик Шик ўтган мавсумда "Байер" сафида барча турнирларда 45 учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 27 марта ишғол қилган.
Мухлислар эса ёзда қандай қарор қабул қилиниши ва Патрик Шик қайси клубда фаолиятини давом эттиришини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!