date

Карпин “Динамо”сида эски “Ростов”чилар: фақат Элдор Шомуродов етишмаяпти...

Карпин “Динамо”сида эски “Ростов”чилар: фақат Элдор Шомуродов етишмаяпти...

Россия Премьер-лигасининг навбатдаги мавсуми бошланиши билан Москвадаги “Динамо” клуби ҳам чемпионлик ва мамлакат кубоги учун курашадиган асосий даъвогарлар рўйхатига кириб келди. Бу ўзгаришлар клубнинг бош мураббийлигига Россия миллий терма жамоаси устози Валерий Карпин келиши билан янада катта аҳамият касб этди.

Москваликлар яқинда Туркия Суперлигасида таниқли ўйинчи бўлган Қозоғистон миллий терма жамоаси етакчиси Бахтиёр Зайнутдиновни “Бешиктош” клубидан 2,8 миллион еврога сотиб олди. Бу трансфер клубга янги куч ва тажриба олиб келиши кутилаяпти, деб ёзади маҳаллий ОАВ.

Шу билан бирга, Россиялик журналист Дмитрий Егоров Валерий Карпин янги жамоасида ўзининг “Ростов”даги эски шогирдларини бирлаштираётганига эътибор қаратди. Ҳозирда “Динамо” сафида Карпиннинг қўл остида Ростовда тўп тепган футболчилар – Дмитрий Скопинцев, Данил Глебов ва Максим Осипенко фаолият олиб бормоқда. Яъни, “Динамо” аста-секин “Ростов”нинг эски тажрибали таркибига айланаётгани айтиб ўтилмоқда.

Журналист Егоров ҳазил билан, ушбу таркиб тўлиқ шаклланиши учун фақат Элдор Шомуродов етишмаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, “Зайнутдинов ҳам ‘Динамо’га келди. Валерий Карпиннинг қўл остида ‘Ростов’да ўйнаганлар жамланяпти, энди таркиб тўлиқ бўлиши учун Элдор Шомуродов қолди, холос”, деб ёзган.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов ўз фаолиятини Ўзбекистонда “Машъал” ва “Бунёдкор” клубларида бошлаб, кейин Россия Премьер-лигасида “Ростов” сафида Валерий Карпин бошчилигида ёрқин ўйинлари билан танилган эди. Айни пайтда, маҳоратли ҳужумчимиз Европа топ-5 лигаларида энг кўп ўйин ўтказган ва гол урган ўзбек футболчиси сифатида рекорд қўйди. “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома”даги тўпурарлик фаолияти уни янада юқори босқичга олиб чиқди.

Янги мавсумдан Элдор Шомуродов ўз йўлини Туркия Суперлигасида “Истанбул Башакшеҳир” клубида давом эттиради. Мухлислар эса унинг янги сафарини, Карпиннинг “Динамо”да қандай натижалар қила олишини ва “Ростов” руҳи билан қайта тузилаётган жамоадаги ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Карпин “Динамо”сида эски “Ростов”чилар: фақат Элдор Шомуродов етишмаяпти...