Англиянинг машҳур “Челси” клуби футбол бозорида яна бир сенсацион қарор қабул қилди. Клуб раҳбарияти жамоанинг асосий юлдузларидан бири — Коул Палмерни сотиш учун рекорд суммани талаб қилмоқда. “Аристократлар” Лондон клуби ўз етакчисини қўлга киритмоқчи бўлган ҳар қандай клуб камидa 250 миллион фунт (338,5 миллион евро) таклиф қилиши кераклигини расман маълум қилди.
Қизиғи шундаки, 23 ёшли Палмер футболчилик фаолиятини айнан “Манчестер Сити” академиясида бошлаган. Бироқ, Хосеп Гвардиола унга асосий таркибда тўлиқ имконият бермагани сабабли, “шаҳарликлар” 2023 йил ёзида уни 47 миллион евро эвазига “Челси”га сотган эди.
Палмер янги жамоада тез орада ўзини кўрсата олди ва “Челси”нинг асосий етакчисига айланди. Уни Европа футболидаги энг нуфузли клублар ўз таркибида кўришни хоҳламоқда. Шу билан бирга, “Челси” раҳбарияти уни фақат тарихдаги энг катта трансферга арзийдиган суммага қўйиб юборишини таъкидламоқда.
Айни вақтда, жаҳон футболидаги энг катта трансфер 2017 йилда қайд этилган — ўшанда “Пари Сен-Жермен” клуби Неймар учун “Барселона”га 222 миллион евро тўлаган эди. Агар Палмер учун ҳам шу каби рекорд таклиф амалга ошса, “Челси” ва унинг футболчиси футбол бозорида янги саҳифа очиши аниқ.
Футбол жамоатчилиги бу жараённи қизиқиш билан кузатмоқда. “Челси” эса янги мавсумда Палмерни сақлаб қолиш ёки рекорд нархда сотиш йўлида ўз стратегиясини давом эттирмоқда. Мухлислар эса бу жараённинг қандай якун топишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!