Европа футбол муҳитида навбатдаги қизғин кун: бугун Туркиянинг машҳур “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси УЕФА Конференциялар лигаси иккинчи саралаш босқичи жавоб учрашувида Болгариянинг “Черно Море” клубига қарши майдонга тушади. Жамоадаги асосий эътибор эса – ўзбек миллий терма жамоасининг етакчи ҳужумкорлари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевга қаратилган.
Сафарда ўтган илк баҳсда “Башакшеҳир” рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этган ва айнан ўша ўйинда Элдор Шомуродов жамоада расмий дебютини нишонлаган эди. Энди эса жамоа ва мухлислар олдида асосий мақсад – кейинги босқичга йўл олиш.
Бош мураббий Чағдаш Атан бу муҳим учрашув олдидан ўзининг тўлиқ фикр ва хулосаларини баҳам кўрди:
— Биз яна халқаро майдонда ўз синовимизни давом эттираяпмиз ва бу мусобақада қатнашишдан фахрланамиз. Охирги мавсумда плей-оффда ижобий натижалар қайд этган эдик ва бу сафар ҳам ўтган йилги муваффақиятларни такрорлашни истаяпмиз.
Чағдаш Атан рақиб ҳақида шундай фикр билдирди:
— “Черно Море” — яхши шаклланган ва тактик жиҳатдан пишиқ жамоа. Уларнинг ўйинини чуқур таҳлил қилдик. Рақиб жамоа бош мураббийи ўйинни яхши ўқий олади, бу эса биз учун жиддий синов бўлади.
Биринчи учрашув тафсилотларига тўхталар экан, Атан қуйидагиларни қайд этди:
— Илк баҳсда жамоамиз яхши ўйнади, 4-5 та хавфли вазият яратдик. Янада кўпроқ гол уриш имкониятларимиз бўлди, бироқ жамоа ҳимояда ҳам анча ишончли ҳаракат қилди. Натижадан қониқдим, лекин ўйлайманки, бўлажак баҳсда ўйинга янада жиддий ёндашишимиз талаб қилинади. Ҳар бир майдонга чиқишимизда, мақсад — фақат ғалаба ва кейинги босқичга йўл олиш.
“Истанбул Башакшеҳир” сафида ўзбек футболчиларининг кўпайишига алоҳида тўхталар экан, Чағдаш Атан қуйидагича фикр билдирди:
— Биз жамоага ўзбек футболчиларини жалб этдик ва бу ўз навбатида турк мухлислари билан бир қаторда ўзбек футбол ишқибозларининг ҳам стадионга келишига туртки бўлди. Туркияда ўзбеклар кўп, шунинг учун бу баҳсда кўплаб янги фанатларимиз стадионда қўллаб-қувватлайди деб кутяпмиз.
— Табиийки, мухлисларни жалб этишда майдондаги футбол шиддати, комбинацион ўйин ва интизом ҳам катта аҳамият касб этади. Биз ўзимизнинг энг кучли жиҳатларимизни кўрсатишга интиламиз. Илк учрашувдаги натижа биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Ҳозир биз рақибга нисбатан бироз яхши вазиятдамиз, лекин ҳали ҳеч нарса ҳал қилингани йўқ.
Плей-офф сари йўлдаги режалар ҳақида ҳам шундай деди:
— Плей-офф босқичига жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Жавоб учрашувида ғолиб чиқиб, халқаро мусобақада йўлимизни давом эттиришни мақсад қилганмиз. Европа турнирида тажрибага эгамиз ва хатоларимиз устида доим ишлаймиз. Бизнинг режамиз — хатоларни бартараф қилиш, турнир форматига мослашиб, ҳар бир беллашувда олға интилиш. Бу йил ўтган мавсумда эришолмаган мақсадларимизни амалга ошириш ниятидамиз.
Жамоанинг трансфер сиёсатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди:
— Жуда муҳим трансферларни амалга оширдик, янги ва кучли ҳужумкор футболчиларни жамоага қўшиб олдик. Энди марказий ҳужум чизиғимизда ҳам вариантаримиз кўпайди. Айрим учрашувларда иккита марказий ҳужумчи билан ўйнашни режа қиляпмиз. Барча ўйинчиларимдан мамнунман, уларга ишонаман.
Элдор Шомуродов ҳақида фикрлар:
— Элдор Шомуродовнинг салоҳияти, майдондаги жанговар характери ва миллий терма жамоадаги натижалари менинг алоҳида эътиборимни тортди. Унинг келишини узоқ вақт кутган эдим, Элдор мен учун жуда муҳим футболчи. Шунингдек, у Туркия чемпионатини яхши билади ва майдонда тажрибаси катта аҳамиятга эга.
— Ҳужум чизиғидаги рақобат кучайган, ҳар бир ўйинчи ўз имкониятини кўрсатишга интилаяпти. Шомуродовнинг ҳолати 100 фоизга яқин, у тўлиқ тайёр. Европа мусобақаларида узоқроқ иштирок этиш — жамоамиз учун стратегик мақсад.
— Биз ҳужумкор футболни афзал кўрамиз, ўтган мавсумда энг кўп гол урган жамоалардан бири бўлганмиз. Ҳисобда олдинда бўлсак ҳам, ҳужумда фаолликни йўқотмаймиз, рақибни қийин аҳволга солишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоамиз ва мен мухлисларга доимо тинимсиз кураш, ўзбек юлдузлари орқали янги ғалабалар ва ҳақиқий футбол ҳис-туйғуларини улашишни мақсад қилганмиз.
Ушбу йирик учрашув Тошкент вақти билан 22:45 да старт олади. “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида яна бир муҳим синовдан ўтади. Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевнинг янги жамоадаги ҳар бир ҳаракати, жамоа стратегияси ва натижалари футбол ишқибозларини янги мавсум олдидан янада катта қизиқиш билан стадионга чақирмоқда.
Янги трансферлар, мустаҳкам мақсад ва аниқ режалар билан “Башакшеҳир” Европадаги йўлини фаол ва ишончли қадамлар билан давом эттиришни ният қилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!