Аёллар футболида яна бир муҳим босқич — Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё чемпионати финал босқичи учун қуръа натижаларини қабул қилди. 29 июль куни ўтказилган маросимда юртдошларимиз “B” гуруҳидан жой олди ва уларнинг рақиблари КХДР, Хитой ҳамда Бангладеш бўлди.
Терма жамоамиз устози Котрина Кулбите қуръа ҳақида тўлиқ фикр билдирди: “Бу босқичда осон рақиб йўқ. Финал босқичига чиққан 12 та терманинг ҳар бири ўз салоҳиятига эга. КХДР билан илгари ҳам беллашганмиз, бу йил эса Хитойга қарши майдонга тушдик. Икки жамоа имкониятларини яхши биламиз. Бангладеш эса биз учун мутлақо янги рақиб. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Биринчи ўйин — КХДРга қарши — ҳақида ҳозирча аниқ тактикани айтишга эрта, лекин уларнинг кучли жиҳатларини минималлаштириш ва ўз имкониятларимизни тўлиқ ишга солишга ҳаракат қиламиз.”
Терма жамоамиз ҳужумчиси Людмила Карачик эса гуруҳдаги вазият ва жамоа мақсадлари ҳақида қуйидагича фикр билдирди: “Гуруҳимизда бир неча марта чемпионликка эришган иккита жамоа бор — улардан бири амалдаги чемпион. Бундай рақибларга қарши ўйнаш фақат фахр эмас, балки катта тажриба ҳам беради. Асосий мақсадимиз — энг яхши ўйинимизни кўрсатиш, ўзбек аёллар футболи қандай кучга эгалигини барчага намоён этиш. Биз учун энг муҳими — барча имкониятимизни ишга солиб, кейинги босқичга йўл олиш.”
Жамоамиз учун бу гуруҳ — янги синов ва ўзига хос имконият. Мухлислар эса терма жамоамизнинг катта матонат ва интизом билан кураш олиб бориши, ҳар бир ўйинда юракдан ҳаракат қилиб, ўзига ишонишини интиқлик билан кутмоқда.
Янги финал босқичи арафасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси барча рақибларга тайёргарликни кучайтириб, барча мухлисларни янги ғалабалар билан қувонтиришни мақсад қилган. Олдиндаги босқичлар — ҳар бир ўйинчи ва мураббий учун янги синов, янги мақсад ва янги имконият бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!