Европа футболидаги энг кўзга кўринган клублардан бири — “Манчестер Сити” бош директори Ферран Сориано форвард Эрлинг Холанднинг ўзига хос феъл-атвори ҳақида тўхталди ва уни Криштиану Роналду билан қиёс қилди. Сорианонинг таъкидлашича, замонавий ҳужумчиларнинг шахсий мотивацияси ва жамоага муносабати катта фарқ қилади.
“Агар Криштиану Роналду майдонда шериги гол урса, у буни алоҳида нишонламайди. Чунки Криштиану ўзи гол уришни истайди, унинг профессионаллик ва рақобатга асосланган психологияси шунақа. Бу унинг ёмон инсон эканлигидан далолат бермайди. Бу — унинг менталитети,” — дея изоҳ берди Сориано.
“Эрлинг эса бошқача. У ҳам доим гол уради, аммо жамоадошлари тўпни дарвозага киритса, бу унга ҳам катта завқ бағишлайди. Шерикларининг гол уришида у самимий қувонади. Шу билан Эрлинг жамоавий руҳни янада кучайтиради,” — дея қайд этди “Сити” раҳбари.
Ҳақиқатан ҳам, “Манчестер Сити” сафидаги уч йил мобайнида норвегиялик ҳужумчи 146та расмий учрашувда 124та гол урган ва 21та голли пас билан ўзини кўрсатган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Холанднинг бозор қиймати 180 миллион еврони ташкил этмоқда.
Янги мавсум олдидан “Сити” жамоаси мухлисларининг диққати айнан Холандга қаратилмоқда — унинг янги рекордларга интилиши ва жамоавий муваффақиятларга ҳисса қўшиши эса асосий интрига бўлиб қолади. АПЛдаги навбатдаги мавсумни "Сити" 16 август куни “Вулверҳемптон”га қарши ўйин билан бошлайди.
Мухлислар эса, Холанд ва жамоасининг қандай натижалар қайд этишини интиқлик билан кутмоқда. Европа футболининг асосий юлдузлари ва уларнинг шахсий фазилатлари — ҳар бир мавсумнинг энг қизиқарли мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!