Жанубий Корея миллий терма жамоаси сардори ва “Тоттенхэм”нинг етакчи ҳужумчиси Сон Хён Мин клуб билан хайрлашишини эълон қилди, деб ESPN хабар берди.
33 ёшли форвард 2015 йилдан буён Лондон клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. У клуб сафида ўтказган йилларини илиқ хотиралар билан эслади ва бу қарорни қабул қилиш осон бўлмаганини таъкидлади.
“Бу мен учун ҳаётимдаги энг оғир қарорлардан бири эди, лекин менимча, буни қабул қилишнинг айни вақти эди. Барча мени тушунишига ва ушбу қарорга ҳурмат билан қарашига умид қиламан.
Мен бу шаҳарга 23 ёшли йигит бўлиб келганман, ҳатто инглиз тилида гапира олмасдим. Эндиликда эса бу клубни катта инсон сифатида тарк этмоқдаман ва бундан ғоят фахрланаман”, — деди Сон Хён Мин самимий чиқишида.
Аввалроқ, Соннинг АҚШнинг “Лос-Анжелес” клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Янги клуби ҳақида расмий маълумотлар тез орада эълон қилиниши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!