Маълумки, 30 июлдан 12 августгача Таиланднинг Бангкок шаҳри 22 ёшгача бўлган ёш боксчилар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли мусобақада юртимиз номидан қатнашган спортчиларимиз навбатдаги кун беллашувларида муносиб натижалар қайд этишди.
Бугун ўтказилган жангларда 22 ёшгача бўлган терма жамоамиз вакиллари ўз вазн тоифаларида майдонга чиқиб, барча рақибларини устунлик билан мағлубиятга учратдилар.
• -48 кг вазн тоифасида Робия Бахтиёрова филиппинлик Офелиа Магно устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
• -51 кг да Гулсевар Ғаниева Ҳиндистон вакили Девика Горпадедан 5:0 ҳисобида устун келди.
• -57 кг да Хуморабону Мамажонова қозоғистонлик Виктория Баидуковани жуда тор баҳсда 3:2 ҳисоби билан мағлуб этди.
• -50 кг да Беҳруз Холдоров Ҳиндистонлик Вишванат Сурешни 3:1 ҳисобида таслим қилди.
• -55 кг да Самандар Олимов қозоғистонлик Бексултан Боранбекка мутлақ устунлик билан – 5:0 ҳисобида имконият қолдирмади.
• -60 кг да Шоҳрух Абдумаликов непаллик Индра Сунар устидан ишончли 5:0 натижаси билан ғалаба қозонди.
• -65 кг да Саят Илясов хитойлик Минг Ченни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
• -70 кг вазн тоифасида Муҳаммадазизбек Исмоилов жанубий кореялик Гюбин Паркни ҳакамларнинг якдил қарори асосида – 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Мазкур натижалар боксчиларимиз яхши спорт формасида эканини ва мусобақа сари ишонч билан олға интилаётганини яна бир бор намоён этмоқда. Олимпия умидлари йўлидаги бу ғалабалар юртдошларимиз учун фахр ва қувонч бағишлашда давом этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!