date

Карлсен кибершахмат шоуда зафар қучди ва янги аудиторияни ром этди

Карлсен кибершахмат шоуда зафар қучди ва янги аудиторияни ром этди

29 июлдан 1 августгача дунё шахмат мухлислари диққати Саудия Арабистонида ўтказилган “Esports World Cup Chess” мусобақасига қаратилди. Жами 1 550 000 АҚШ доллари мукофот пулига эга ушбу нуфузли турнир электрон спорт ва анъанавий шахматни бирлаштирган ҳолда, томошабоп ва инновацион форматда ўтди.

Турнир финалида норвегиялик тенгсиз гроссмейстер Магнус Карлсен франциялик ёш ва иқтидорли рақиби Алиреза Фирузжага қарши тўқнаш келди. Карлсен ҳар икки сетда 3:1, 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди ва чемпионликни қўлга киритди.

Бронза медали учун кечган беллашувда эса америкалик тажрибали шахматчи Ҳикару Накамура ҳиндистонлик Аржун Эригайини 5:3, 5:2 ҳисобларида мағлуб этиб, мусобақани учинчи ўрин билан якунлади.

Ғалабадан сўнг Магнус Карлсен журналистлар билан бўлган суҳбатда мусобақа ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:

— Ўйинимдан розиман. Бу каби форматда доим муайян мувозанатни топишга тўғри келади: бир вақтнинг ўзида ҳам тез, ҳам аниқ ўйнаш мушкул. Шу боис, тезкор, бироқ сифати юқори бўлган юришларни амалга оширишга ҳаракат қилдим — ва бу тактикам ўзини оқлади.

Карлсен, шунингдек, бу мусобақа орқали шахматни илгари кузатмаган янги аудитория билан мулоқотга киришганини мамнуният билан таъкидлади:

— Бу мен учун янги мухлислар қатлами. “Esports World Cup”ни кузатаётган кўпчилик илгари шахмат билан қизиқмаган бўлиши мумкин. Шундай бир платформада энг кучлилар сафида эканимни яна бир карра исботлаш мен учун ғурур. Турнирни киберспорт шоусига айлантирган ташкилотчилар ва бутун жамоага миннатдорчилик билдираман. Бу оддий шахмат мусобақаси эмас, балки киберспортга хос динамикага эга жаҳон чемпионати бўлди. Биз шахматнинг бу шакли қай даражада жозибали бўлиши мумкинлигини кўрсатдик, деб ўйлайман. Мен бу форматда ҳам ўзимни кўрсата олганимдан хурсандман.

Айтиш жоизки, мусобақада ўзбекистонлик ёш юлдузлар ҳам иштирок этди. Жавоҳир Синдаров гуруҳ босқичида ўз юришини якунлаган бўлса, Нодирбек Абдусатторов чорак финалгача етиб борди ва айнан кейинги финалчи — Алиреза Фирузжага қарши беллашувда мусобақани тарк этди.

“Esports World Cup Chess” нафақат мукофот жамғармаси, балки шахматнинг келажакда қандай кўринишда бўлиши мумкинлигини намоён этган лойиҳа сифатида ҳам эсда қолди. Карлсеннинг зафари эса бу янгича ёндашувда ҳам унинг тенгсиз эканини яна бир бор тасдиқлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Карлсен кибершахмат шоуда зафар қучди ва янги аудиторияни ром этди