Мадриднинг машҳур “Реал” клубида сўнгги ҳафталарда футболчиларнинг майдондаги рақамлари борасида кутилмаган ҳолда келишмовчиликлар келиб чиққан эди. Бу баҳс аввало жамоани тарк этган Хорватия афсонаси Лука Модричнинг кўп йиллар давомида елкасида ёзилиб келган 10-рақами тақдири билан боғлиқ бўлди. Клуб раҳбариятининг қарорига кўра, мазкур тарихий рақам жамоанинг янги юлдузи Килиан Мбаппега топширилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда франциялик ҳужумчи 9-рақам остида ҳаракат қилганди. Бу рақам эса янги мавсумда асосий жамоага кўтарилган, клуб академияси тарбияланувчиси, ёш иқтидор эгаси Гонсало Гарсия Торресга берилиши режалаштирилган эди. Бироқ ушбу қарор бразилиялик ёш легионер Эндрик томонидан яхши қабул қилинмади ва унинг очиқча норозилигига сабаб бўлди.
Натижада клуб ичидаги кичик “рақамлар баҳси” ниҳоясига етди. Якуний келишувга кўра, Мбаппе янги мавсумда расман 10-рақам остида тўп суришни давом эттиради. 19 ёшли Эндрик эса ёзги трансфер ойнасида бошқа жамоага ўтмаслиги маълум бўлгач, унга 9-рақам топширилди.
Шу билан бирга, “қироллик клуби” билан 2030 йил ёзигача шартнома имзолаган 21 ёшли Гонсало Гарсия Торрес ўз навбатида Эндрикдан бўшаган 16-рақам остида рўйхатдан ўтказилади. Бу қарор нафақат жамоа ичидаги рақобатни, балки ички муҳитдаги барқарорликни ҳам таъминлайди, деб баҳоланмоқда.
Мухлислар учун эса бу янгилик икки жиҳатдан қизиқарли: бир томондан, Мбаппега 10-рақам топширилиши унинг клубдаги асосий юлдуз мақомини янада мустаҳкамласа, иккинчи томондан, ёш иқтидорлар – Эндрик ва Гарсия Торреснинг рақамларини олиши уларнинг янги мавсумда майдонда кўпроқ имконият олишидан дарак бермоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!