date

"Бунёдкор" майдони атрофидаги тортишув: концертлар ёки футбол?

"Бунёдкор" майдони атрофидаги тортишув: концертлар ёки футбол?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ва футбол мухлислари орасида "Бунёдкор" стадиони майсаси ҳақида қизғин баҳслар давом этмоқда. Бу муҳокамаларнинг авж олишига 7 август куни шу аренада жаҳон саҳнасидаги энг машҳур юлдузлардан бири — Женнифер Лопес томонидан берилган йирик концерт сабаб бўлди.

Кимдир: “Майдон бутунлай издан чиқди, футбол учун ёпиқ бўлиб қолди”, — деб норозилик билдирса, бошқалар: “Стадион — халқники, у ерда концерт ўтказишга ҳам ҳаққимиз бор”, — дея ҳимояга ўтмоқда.

Ростдан ҳам, стадион халқникидир, аммо халқники бўлган бойликни йўқ қилиш эмас, асраб-авайлаш лозим. Ахир у бирор шахснинг шахсий мулки эмас, балки умумий маданий ва спорт меросидир.

Айримлар: “Чет элларда ҳам стадионларда концертлар бўлади-ку”, — дейишади. Лекин савол туғилади: улар ўша чет давлатларда газонни қандай муҳофаза қилишини биладиларми? Масалан, “Реал”нинг “Сантьяго Бернабеу” стадионида махсус иншоот орқали майдон тўлиқ ер остига туширилади. Ер остида эса газонни парвариш қилиш учун барча замонавий шароитлар мавжуд.

Шунинг ўзига қарамай, 2024 йилда ушбу майдонда ўтказилиши режалаштирилган кўплаб концертлар маҳаллий аҳоли томонидан шовқин ва тирбандликлар ҳақидаги шикоятлар туфайли бекор қилинган. Йўллар ёпилиши, тирбандликлар ва тинчликнинг бузилиши уларни чарчатган бўлиши мумкин.

Майсаси йиғиладиган стадионлар нафақат Испанияда, балки Германия, Япония ва Англиянинг “Тоттенҳэм” клубида ҳам мавжуд.

Бироқ майдони кўчириб бўлмайдиган стадионлар бошқа йўлни танлайди. Масалан, Лондондаги машҳур “Уэмбли” стадионида газон устига махсус қимматбаҳо TerraTrakPlus панеллари ётқизилади. Ушбу технология орқали ҳатто 80 тонна оғирликдаги кранлар ҳам саҳна қуриш учун кириб ишлаши мумкин, бироқ газонга ҳеч қандай зарар етказилмайди. Монтаж жараёни тугагач, майдонга ёруғлик ўтказувчи TerraFlor панеллари қўйилади. Улар томошабинлар ва техник ходимлар ҳаракатини таъминлаган ҳолда майдонни асраб қолади.

Албатта, бундай хизматлар арзон эмас. Бизда эса бу каби замонавий технологиялар ишлатилган ёки йўқлиги номаълум. Маълум бўлгани шундаки, унчалик оғир бўлмаган саҳна ҳам майдоннинг дренаж тизимини ишдан чиқарган ва газоннинг катта қисми шикастланган.

Натижада, Ўзбек футболи учун кўплаб иқтидорли ёшлар етиштирган “Бунёдкор” клуби энди ўз уй ўйинлари учун бошқа майдон излашга мажбур бўлди. “Бунёдкор” балки бунга кўникиши мумкин, аммо савол шундаки — жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма олган ва CAFA мусобақасини ўтказиши кутилган миллий терма жамоамиз қаерда ўйнайди? — деб ёзди "Пахтакор" клуби спорт директори Равшан Салимов телеграмдаги саҳифасида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бунёдкор" майдони атрофидаги тортишув: концертлар ёки футбол?