"Манчестер Сити" клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола Италиянинг "Палермо" жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан сўнг ўз жамоаси сафида янги мавсумни интизорлик билан кутаётган мухлислар учун қизиқарли фикрлар билдирди. Унинг эътибори айниқса ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановга қаратилди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, ёш ва иқтидорли футболчи январ ойида клубга қўшилганидан бери майдондаги ҳаракатлари, интизоми ва жисмоний тайёргарлиги билан жамоада ижобий таъсир қолдирган. "Палермо"га қарши ўйинда ҳам Ҳусанов ўз маҳорат ва салоҳиятини яна бир бор намойиш этди. Мураббий фикрича, у нафақат ҳимояда ишончли ўйнайди, балки ўйин тезлигини юқори даражада ушлай оладиган кам сонли футболчилардан ҳисобланади.
"Жаҳон чемпионатидан олдин амалга оширган учта трансферимиз жуда омадли чиқди. Бу — Черки, Аит Нури ва Рейндерс. Худди шундай январ ойида келган Ҳусанов ҳам биз учун муҳим куч бўлди. Бугун у ўз салоҳиятини кўрсатди ва мен кўрган энг тезкор футболчилардан бири эканини исботлади", — дея таъкидлади Гвардиола.
Шу билан бирга, мураббий жамоанинг умумий ҳолатидан ҳам мамнунлигини билдирди ва келаси ҳафта "Вулверхэмптон"га қарши сафарда бўлиб ўтадиган Премьер-лига очилиш учрашувига тайёргарлик юқори даражада кетaётганини қайд этди.
Мухлислар эса янги мавсумда ўзбекистонлик ҳимоячи Ҳусановнинг асосий таркибда кўпроқ имконият олишини ва у ўзининг тезкорлиги ҳамда майдондаги тажовузкор ўйини билан "Манчестер Сити" муваффақиятига ҳисса қўшишини кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!