date

Осиё чемпионати. Ёш боксчиларимиз Бангкокдаги финалларни "ёндирди"...

Осиё чемпионати. Ёш боксчиларимиз Бангкокдаги финалларни "ёндирди"...

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида қизғин тарзда ўтаётган 22 ёшгача бўлган боксчилар ва ёшлар (U-19) ўртасидаги Осиё чемпионати ўзининг энг марра босқичига — финал жангларига кирди.

Бугундан бошлаб рингда ҳал қилувчи беллашувлар старт олди. Илк куниёқ Ёшлар (U-19) тоифасидаги жамоалар Осиё чемпиони унвони учун курашга тушди. Мухлислар томонидан катта қизиқиш билан кутилган бу финал баҳсларида юртдошларимиз ҳам майдонга чиқишди ва ғурур уйғотар натижалар қайд этишди.

— Аввало, -65 кг вазн тоифасида жанг қилган Жаҳонгир Зайниддинов ҳиндистонлик Маусам Суҳагни бутунлай имкониятсиз қолдирди. Ҳакамлар ягона қарор билан 5:0 ҳисобини эълон қилдилар ва Жаҳонгир олтин медалга эга чиқди.

— Шунингдек, -70 кг вазндаги ҳал қилувчи баҳсда Абдулазиз Жўрақулов қозоғистонлик Аширбай Бибарисни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони деган шарафли унвонга эга бўлди.

— Бироқ -75 кг вазн тоифасида рингга чиққан Муҳаммаджон Яқупбоев бу сафар омадсизликка учради. Ҳиндистонлик рақиби Раҳул Кундудан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраган боксчимиз кумуш медал билан чекланди.

— -80 кг вазнда Норбек Абдуллаев ўзига ишонч билан ҳаракат қилди. Қозоғистонлик Тимур Таибековга қарши жангда 4:1 ҳисобида устун келиб, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритди.

— Самир Собиров эса -85 кг вазн тоифасидаги финалда қозоғистонлик Нурсултан Кистаубайни аниқ ва устун зарбалар билан енгди. Ҳакамлар 5:0 ҳисобини қайд этишди ва Самир ҳам олтин медал билан тақдирланди.

— Якуний вазн тоифасида — +90 кгда Ислам Салиҳов ҳам мухлислар умидини оқлади. У Бирлашган Араб Амирликларидан келган Орхан Агҳаевга қарши жангда ҳакамларнинг якдил қарори билан зафар қозонди ва юртимиз ҳисобига яна бир олтин медални қўшди.

Бангкокдаги бу финал кечаси, шубҳасиз, юртдошларимиз учун эсда қоларли кунлардан бири сифатида тарихда қолади. Мухлисларимиз рингдаги шундай қувончли дақиқалар яна кўпаяжагига умид қиладилар.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпионати. Ёш боксчиларимиз Бангкокдаги финалларни "ёндирди"...