10–13 август кунлари мамлакатимизда футбол ҳавосини янада қизитадиган Суперлига баҳслари бўлиб ўтади. 18-тур доирасида мухлислар диққат марказида бўладиган қатор “оловли” ва шиддатли учрашувлар режалаштирилган. Улар орасида “Нефтчи” – “Насаф”, “Динамо” – “Пахтакор” ҳамда “Андижон” – “Навбаҳор” ўйинлари алоҳида урғуга эга.
10 август
18:30. “Сўғдиёна” – “Машъал”
Иккинчи даврада ҳали ғалаба таъмини тата олмаган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. Жиззахликлар майдон хўжайини сифатида имконият жиҳатдан бир қадар устунроқ кўрилмоқда. “Машъал” эса ўтган турда Ғузорда “Динамо”ни ишончли ҳисобда ортда қолдириб турган ҳолатда, якунда 2:4 ҳисобида ютқазди. Бу сафар ҳам муборакликларни сафарда жиддий синов кутиб турибди. Бироқ “Машъал” мавсум давомида кўп маротаба кутилмаган натижалар қайд этганини инобатга олсак, уларнинг сюрприз кўрсатиши эҳтимоли йўқ эмас.
11 август
19:00. “Нефтчи” – “Насаф”
Турнинг энг катта интригаси Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида кечади. Амалдаги чемпион “Насаф” 37 очко билан пешқадамликни қўлда сақлаётган бўлса, унинг энг яқин таъқибчиси “Нефтчи” 4 очкога орқада келмоқда. Мутахассислар жамоавий ўйин сифатида қаршиликларни бир қадам олдинда деб баҳолашса-да, “Нефтчи” сафида ҳам тажрибали ва номдор футболчилар жамланган. Шунга қарамай, бир неча кутилмаган очко йўқотишлар уларни танқид нишонига айлантирган. Бу беллашув мезбонлар учун ҳаётий аҳамиятга эга: чемпионлик орзусидаги “Нефтчи” айнан шу ўйинда амалдаги чемпионни ортда қолдириши шарт. Левченко шогирдларининг ҳақиқий салоҳияти айнан шу куни кўринади.
20:00. “Динамо” – “Пахтакор”
Яна бир марказий баҳс Самарқандда кечади. Ҳозирда “Динамо” “Пахтакор”дан 4 очкога олдинда турибди. Вадим Абрамов жамоаси ҳужумкор ва кўнгилочар ўйини билан танилган. Шундай экан, уларнинг “Пахтакор”га қарши кураши мухлислар учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши мумкин. Ҳозирча имкониятлар мутлақо тенг.
12 август
18:15. ОКМК – “Қизилқум”
Иккинчи даврани бир неча муҳим ғалабалар билан бошлаган ОКМК ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилади. Миржалол Қосимов шогирдлари ўз ўйинини топса, мақсадга эришиши эҳтимоли катта. “Қизилқум” эса сафарда яхши натижа қайд этиш учун майдонда икки карра фаол ҳаракат қилиши зарур.
19:00. “Андижон” – “Навбаҳор”
18-турнинг яна бир энг кутилган учрашуви — водий дербиси “Бобур арена”да. Бу ерда принципиал рақобат руҳи жуда баланд: ёзда таркибини анча кучайтирган Максим Шацких жамоаси сўнгги учрашувларда яхши формада эканини кўрсатди. Улар уйда “Қўқон-1912” дарвозасига жавобсиз 3 гол киритишди, кейинги турда эса амалдаги чемпион майдонида 1 очко билан қайтишди. “Навбаҳор” эса кетма-кет икки турда дуранг қайд этди. Мухлислар ўртасида ҳам қизғин рақобат бўлиши тайин. “Бобур арена”даги муҳитни тасаввур қилиш қийин эмас — стадион хўжайинлари максимал иштиёқ билан майдонга тушади.
20:30. “Шўртан” – “Қўқон-1912”
Марказий баҳслар соясида қолса-да, бу ўйин ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жадвалнинг энг охирги икки поғонасида турган жамоалар Ғузорда куч синашади. Биринчи даврадаги ўйин дуранг билан якунланган. Иккала жамоага ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. “Қўқон-1912” 3 ойдан бери ғалаба қўлга кирита олмаяпти. Бу баҳсда ҳар икки томон учун ҳам фақат 3 очко мақсад қилинади.
13 август
19:00. “Бухоро” – “Хоразм”
Таркибий жиҳатдан ўзаро мос жамоалар баҳсида эҳтимол кўп гол кўрилмас. “Бухоро”нинг асосий вазифаси — ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиб, дарвозасини дахлсиз сақлаш. Бироқ Бақоев шогирдлари юқори ўринларга кўтарилиш учун албатта ғалаба излайди. Ҳаким Фузайлов бошқараётган “Хоразм” эса ҳужумкор футбол кўрсатишга ҳаракат қилади. Умид қилинадики, ўйин битта гол тақдири билан ҳал бўлмайди.
20:00. “Сурхон” – “Бунёдкор”
Турнинг ёпилиш маросими сифатидаги баҳс қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Таркибда бир қатор ўзгаришлар бўлган “Сурхон” сўнгги вақтларда ўйин сифати яхшиланган “Бунёдкор”га қарши беллашади. Иккала томон учун ҳам ўйин осон кечмайди. Барчаси қисқа муддат ичида қай даражада тайёргарлик кўрилганига боғлиқ бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!