Европа футболи ишқибозлари ҳар мавсум олдидан турли тахмин ва башоратларга қизиқиш билан қарайди. Айниқса, статистик таҳлил ва технологиялар ёрдамида тайёрланган прогнозлар мухлисларда катта қизиқиш уйғотади.
Шу жиҳатдан, Opta Sports компаниясининг машҳур суперкомпьютери Испаниянинг янги мавсуми учун ўз башоратларини тақдим этди. Ушбу таҳлил натижаларига кўра, Ла Лига чемпионлиги учун асосий даъвогар сифатида “Барселона” клуби кўрсатилди. Каталония грандининг мавсум охирида чемпионлик совринига эга чиқиш эҳтимоли 46,5 фоиз этиб баҳоланган. Бу рақам жамоанинг ўтган мавсумдаги барқарор ўйини ва ёзги трансфер ойнасидаги мақсадли ҳаракатларига асосланган.
Шу билан бирга, “Реал Мадрид”нинг чемпионлик имкониятлари ҳам юқори баҳоланган — 32,1 фоиз. Мадриднинг машҳур клуби ёзги ойна давомида таркибини кучайтириб, янги мавсумда рақибларини жиддий синовдан ўтказиш ниятида.
Чемпионлик учун учинчи асосий номзод сифатида “Атлетико Мадрид” тилга олинган. Диего Симеоне шогирдларининг чемпионликка эришиш эҳтимоли 11,7 фоиз деб қайд этилган. Бу рақамлар жамоанинг кучли ҳимояси ва тактик барқарорлиги билан изоҳланади.
Opta Sportsнинг ушбу башорати Испания чемпионатидаги рақобат қанчалик қизғин кечишини яна бир бор тасдиқламоқда. Мухлислар учун эса янги мавсум нафақат кўп ғалабалар, балки кутилмаган сюрпризларга ҳам бой бўлиши тайин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!